Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Куйидаги дастурлар асосан тадбиркорчилик билан шуғулланмокчи бўлган юртдошларимизга фойдали бўлиши мумкин. Дастур давомида, кизикарли ва тадбиркорлик фаолиятингизга фойдали маълумотларни хавола этаман. Азизлар, бугун биз сизлар билан оилавий тадбиркорлик хусусида сўз юритамиз. Оилавий тадбиркорлик ёки бўлмаса оилавий корхона нима?
Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш , ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ва реализация қилишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан биридир.
Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириши мумкин. Оилавий корхона ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлиши, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
Оилавий корхона ўз мажбуриятлари бўйича қонунга мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради.
Оилавий корхона иштирокчилари корхона мол-мулки етарли бўлмаганда оилавий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.
Оилавий корхона қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни ёллашни амалга ошириши мумкин. Оилавий корхона иштирокчиларининг ва унинг ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.
Оилавий корхона тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақли. Оилавий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номини ва «oilaviy korxona» деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Оилавий корхонанинг қисқартирилган фирма номи унинг қисқартирилган номини ва «oilaviy korxona» деган сўзларни ёки «ОК» аббревиатурасини ўз ичига олиши керак.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.