«Ҳар бир доно аёл ўз уйини қуради» (Маталлар 14:1).
Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Мен Лола сизлар билан мана шу мавзуда суҳбатлашиб турганимдан хурсандман. Чунки сизлар билан мени илҳомлантирган бир воқеани бўлишиш имкони туғилди. Қайси бир йили баҳорда бир уйга бордим. Бу уйни кўришим биланоқ: «худди жаннатнинг бир парчасига ўхшайди-я», деб ўйладим. Бу уй, бу хонадон жуда гўзал эди. У ердаги муҳитни кўрган киши Худони ёдга олмай туролмайди. Хоналар ёруғ, тоза ва озода. Деразалар кўп бўлишига қарамай, биллурдай ярақлайди. Ҳар бир дераза токчасида бир-биридан чиройли гуллар қўйилган. Тувакдаги гуллар гуллаб, хушбўй ҳид таратиб турарди. Бир биридан ажойиб китоблар токчаларга чиройли қилиб таҳланган, бир неча жойга қўйилган учта қафасдаги қушлар, бор овозлари билан сайраётган эди. Бу уйда табиатнинг куйи, гўзаллиги ва тинчлиги бор эди. Шундан буён мен ҳам ўз хонадонимни жаннатнинг бир бўлагидек қилиш истаги туғилди. Мен ҳам хонадонимга кирган ҳар бир киши Худони ўйламай туролмайдиган қилишни истадим. Мен Худо ҳақида нималарни ўйласам, меникига ташриф буюрган кишилар ҳам Худо ҳақида шундай ўйлашларини истадим.
Юқорида маталлар китобидан бир оят келтирдим: «Ҳар бир доно аёл ўз уйини қуради». «қуриш» сўзи рамзий маънода олинган. Бу уйдаги нарсаларни тўғри жойлаштириш, уйни тоза ва озода тутиш ва чин маънода ҳақиқий уйга айлантириш дегани. Тўрт девор ва томнинг ўзи уй бўлиб қолмайди. Уйни уй қилиш учун аёлнинг меҳри, назокати, донолиги керак. Оилада ва доно аёл бор хонадонда соғлом муҳит ҳукм суради. Ҳар доим ҳам юмшоқ жавоб қайтаришга куч тополмаймиз. Шундай ҳолатларда Худованддан ёрдам олсак, У бизга доно юрак ва муҳитни ўзгартирадиган сўзлар беради. Агар ўз хонадонингизда соғлом муҳит қура олсангиз, Худованд ҳам сизни шунга яраша марҳаматлайди. Оилангизнинг ҳар бир аъзоси, кўчадаги ташвишлар, асаб бузарликлардан сўнг«Уйга етиб олсам ҳаммаси яхши бўлади», — деб ўйлаши қандай яхши. Бундай кишилар учун уй мустаҳкам ва ором олиш мумкин бўлган гўша ҳисобланади. Бундай қўрғонни яратиш эса биз аёлларнинг қўлида. Доно аёл сифатида ҳар қандай салбий нарсалардан қочишни ўрганинг. Маталлар китобида ахмоқ аёл ўз уйини ўзи бузади, деб ёзилган. Бузиш эса оилани барбод қилиш деганидир. Аёл қандай қилиб ўз уйини ўзи барбод қилади? Биринчидан, аёл ўз салбий ҳис туйғуларини жиловлай олмаслиги, жахл қилиши билан, оиласида салбий муҳитни пайдо қилади. Салбий туйғуларини жиловлай олмаган аёлнинг оғзидан эса ёмон сўзлар чиқади. Иккинчидан эса, уйга яхши қарамаслик, вақтида тўловларни тўламаслик, ва ўз вазифасига маъсулиятсиз бўлиш. Вақтини телевизор қаршисида кўп ўтказадиган аёл ўз уйини барбод қилишга бир қадам қўйган аёл ҳисобланади. Аммо сизнинг ҳаётингизда ундай эмас деб умид қиламан. Ҳар бирингиз уйни чинакамига уй қиладиган она ва рафиқасиз деб ўйлайман.