3:41

Гурунг қилиш қийин…ми?

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон умрининг қанчаси уйқуга, яна қанчаси меҳнату тирикчиликка сарф бўлиши алоҳида ҳисоб қилинган. Маълум бўлишича, умримизнинг катта қисми суҳбатлар, ўзаро мулоқотлар билан ўтар экан. Бусиз яшай олмас эканмиз ҳам. Ўтмишда яшаб ўтган улуғ алломалар суҳбатга кўп ва ҳўп таъриф беришган. Бу бежиз эмас, албатта. «Бирдан-бир ҳақиқий неъмат одамларнинг бир-бири билан мулоқотидир», деган эди машҳур француз ёзувчиси А.Сент-Экзюпери. Рус ёзувчиси Лев Толстой эса «Одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган ва узоқлаштирадиган сўзлар бор, кейинги тоифа сўзлардан эса эҳтиёт бўлиш керак», дея огоҳлантирган. Мулоқат одоби қандай бўлади? Ҳар нарсанинг ўзига яраша одоби бўлгани каби суҳбатнинг ҳам одоби, маданияти бор. Зеро, инсоннинг ўзлиги, фазилати-ю нуқсонлари, аввало унинг айтар сўзида, суҳбатида намоён бўлади.

Narrator 2 Баъзи одамлар табиатан тортинчоқ, уятчан бўлади, шу боис бошқалар билан тил топишишга қийналади, суҳбатга қўшилолмай, ийманиб туради. Кейинчалик ҳаёт қозонида обдан қайнаб, кўзи очилгач, секин-аста бу нуқсондан қутулиш мумкин. Ота-боболаримиз узун қиш кечалари тез-тез гап-гаштакларга йиғилиб туришган. Мақсад фақат ейиш-ичиш эмас, балки дилкаш суҳбатлар, мароқли гурунглардан маънавий қониқиш бўлган. Суҳбати дилтортар одамларнинг ажиб бир оҳанрабоси бўлади, ҳамма уларга интилади. Аммо яхши суҳбатдош бўлиш ҳам осон эмас. Кўп нарсадан хабардор, илмли ва билганини мароқ билан ҳикоя қила оладиган одамнинг суҳбати ширин, қизиқарли, мазмунли бўлади. Табиийки, бундай суҳбатдош самимий сўзлайди, ҳамсуҳбатининг феъл-атворини, қизиқиш доирасини ҳам ҳисобга олади. Бу эса ҳамсуҳбатда хайрихоҳлик, ўзаро ишонч туйғусини уйғотади.

Narrator 1 Мароқли сўзлай билиш қобилияти катта истеъдод саналади. Бу неъмат ҳаммага ҳам берилавермайди. Машҳур «Минг бир кеча» эртакларини эсланг. Подшо ҳар куни янги хотин олиб, эрталаб уни ўлдираверади. Мамлакатда қиз зоти қолмайди ҳисоб. Ахийри, навбат Шаҳризодага келади. У тунда подшога эртак айта бошлайди, тонг саҳарда уни энг қизиқ жойида тўхтатади. Подшо эртакни охиригача эшитмагунча хотинини ўлдирмасликка қарор қилади. Шу зайлда минг бир кеча ўтади. Оқила Шаҳризода мароқли суҳбатлари билан подшонинг кўнглига йўл топади, шу асно ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаётини сақлаб қолади. Ўзидан олиб, ўзига бермоқ, нима қилиб бўлса-да, ўз фикрини ўтказишга уриниш ҳамсуҳбатини назар-писанд қилмаслик ҳеч кимда яхши таассурот қолдирмайди, албатта.

Narrator 2 Зеро, ўзгалар фикрига сабр-тоқат ва ҳурмат-эътибор билан муносабатда бўлиш юксак аҳлоқдан дарак беради. Одамларнинг дилига, феъл-атворига қараб иш тутишни, яхши суҳбатдош бўлишни тақозо этадиган касб-ҳунарлар ҳам бор. Шифокорлик, ўқитувчилик, журналистлик шундай касблардан ҳисобланади. Шифокорнинг суҳбатидан кейин бемор ўзини яхши ҳис этмаса, демак, у ўз касбининг устаси эмас. Агар муаллим боланинг мурғак қалбига йўл топа олмаса, билим беролмайди. Ўзаро гурунг-суҳбатлардаги энг катта иллат бу — эзмаликдир. Эзма одам ҳамсуҳбатининг фикр-мулоҳазаси билан мутлақо қизиқмайди. Бошқаларга навбат бермай гапираверади. У ўзига дахлдор нарсаларни бошқаларга ҳам бирдек қизиқарли, деб ўйлайди. Табиийки, бундай кимсалардан кўпчилик қочишга ҳаракат қилади. Гурунг-суҳбатларда керакли гапни айта билиш, кераксизидан тийилиш, пайти келганда сукут сақлаш ўта муҳимдир. Гоҳо қўполликка, одобсизликка сукут орқали барҳам берилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top