3:12

Гўзаллик яратадиган юрак

MP3

«Ëш хотинлар… рўзғорга жонкуяр …бўлсинлар» (Тит 2:5).

Ассалому алайкум. Художўй аёл сифатида Худо сизга ҳам менга ҳам бир вазифани – оилада гўзаллик яратиш вазифасини берган. Аёл, уй бекаси, она ва рафиқа сифатида хонадонингизни меҳр, тозалик, қулайлик ўчоғи қилинг. Бу нарсаларнинг уйғунлигида оилангизда тинчлик ва муҳаббат ҳукмронлик қилади. Худонинг кўнглидагидай аёл шу нарсаларни амалда қилади. Шундай аёл бўлишга чин дилдан интилади. Биз аёл сифатида Худога хизматимизни оиламиздан бошлаймиз. Хонадонни бошқариш, тоза, тартибли ва соғлом муҳит яратиш бизнинг вазифамиз экан, шу вазифамизни бажариб Худога хизмат қиламиз. Чунки Худо биздан биринчи шуни кутади. Мен авваллари уй ишларини, уйни саранжом-саришта тутишни муҳим иш эмас деб ўйлардим. Ҳозир ҳам қисман шу фикримда қолганман. Она сифатида энг биринчи ишимиз, фарзандларимизни Худонинг йўлида тарбиялаш, рафиқа сифатида эса, эримизга бўйсуниш ва уни ҳурмат қилиш, бироқ, уй бекаси сифатидаги вазифамиз ҳам юқоридаги икки вазифага бевосита алоқадор. Бу борада Худо менинг фикримни ўзгартирганидан хурсандман. Фикримча ҳар бир уй бекаси яхшигина дизайнер ҳам бўлиши керак. У уйига қайси рангдаги жиҳозлар кетишини, нимани қаерга жойлаштиришни ҳам билиши лозим. Энг муҳими у уйни севадиган аёл бўлиши керак. Қандай қилиб ҳар бир аёл ўз уйида гўзаллик ярата олади? Биринчидан ҳар бир аёл хонадонда гўзаллик яратиш бу Худонинг режаси эканини тушуниши керак. Худо ҳар бир аёлга уйни уй қиладиган бўлишни ўргатади. Шунинг учун агар Худо мени уйда хизмат қилишга чақираётган экан, буни чин кўнгилдан, хурсандчилик билан бажаришим лозим. Мен ўз ҳаётимдан мисол келтирадиган бўлсам, баъзи аёллар каби уйда ўтиришни ёқтирадиган аёл эмас эдим. Аммо ҳаётимдаги бир воқеа туфайли уйда ўтиришга мажбур бўлдим. Дастлаб, уйда ўтириш мен учун зерикарли бўлди. Ҳадеб Худога нолийвердим. Уйда ўтиришни ёқтирмаслигимни била туриб, Худо менга шу ҳолатни берди. Кейин эса мени уй бошқаришга, озода бўлишга, уйда ўтириб ҳам роҳатланишга ўргатди. Мен энди аввалгидек уй ишларини, иккинчи ўринга қўймайдиган бўлдим. Агар Худо бизда уйда ўтириб хизмат қилишимизни хоҳлаётган бўлса, Унинг иродасига итоат қилишимиз керак бўлади. Буни хурсандчилик ва итоаткорлик билан қабул қилсак, ўзимиз учун яхши бўлади. Агар уйда қайси бир ишни қилишни истамасангиз, унга яхши кайфият билан киришинг. Ўша ишни аъло даражада қила оламан, деб киришинг. Ҳар бир аёл ўзи учун маъқул бир кунни танлаб, ўша кунни умумий тозалаш куни қилиб белгилайди. Бироқ ёш болали аёллар учун бундай қилиш қийинроқ кечади. Чунки йиғиштирилган уй, кун давомида яна аввалги ҳолатига келиши мумкин. Нима бўлганда ҳам уйимизни гўзал ва озода тутишимиз ҳаммамизнинг кайфиятимизни кўтаради, қизалоқларимизни тозаликка ўргатади. Оила аъзоларингиз уйқудан тургунларича, ўзингизни кундалик ишларга руҳан ҳам жисмонан тайёрланг. Азизлар қалбингизни гўзаллик билан тўлдирмоқчи бўлсангиз ва дунёқарашингизни бойитмоқчи бўлсангиз бизнинг www.najot.com сайтимизга киринг ва у ердан ўзингиз учун керакли бўлган маълумотларни топасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top