3:16

Уй гуруҳлари 180

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз радио тингловчи дўстлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг жамоатлар учун учта асосий мақсади бор.

Ҳозир азизлар, биз сизга ушбу мақсадлар ҳақида сўзлаб бермоқчимиз. Албатта, биринчиси бу Худовандни ҳар бир жамоат ва кичик уй гуруҳлари чин дилдан улуғлаши керак. Биринчи Коринфияликларга мактубининг 10 боби 31 оятида ҳаворий Павлус жамоатларнинг энг биринчи мақсадини айтиб ўтади.

“Шундай қилиб ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар, ҳамма нарсани Худони улуғлаш учун қилинглар”. Жамоатнинг барча ишлари орқали инсон эмас, аксинча Худо улуғлансин. Иккинчидан эса, жамоат ва кичик уй гуруҳлари борган сари обод бўлиб бориши керак. Ҳаворий Павлус Эфесликларга мактубининг 4 боби 11 оятидан 13 оятигача бўлган жойларда, Худо жамоат етакчиларига руҳий инъомларни бериш мақсадини тушунтириб беради.

Бу берилган инъомлар эса жамоатларни камолга етқазиш учун хизмат қилади. “Шу йўсинда имонлилар хизматга керак бўладиган таъминотни оладилар ва Масиҳнинг уммати обод бўла боради. Бунинг натижасида эса барчамиз имонда якдил, Худонинг Ўғлини таниб биладиган, Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўламиз.

Азиз биродарлар, биз Масиҳнинг баданимиз. У дунёга нур бўлишимиз учун соғлом бўлишимизни хоҳлайди. Жамоат ичида соғлом танадек яшашимиз учун якдил бўлишимиз, Раббимиз Исо Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўлишимиз, меҳр-муҳаббатли оиладек яшашимиз керак. Азиз биродарлар, учинчи мақсад ҳақида гапирар эканмиз, бу мақсад ҳар бир жамоат ва ҳар бир жамоат аъзолари учун ўта муҳимлигини тушуниб олишимиз керак.

Бу мақсад, Худо ҳақида бошқаларга хабар бериш. Биринчи Бутрус мактубининг 2 боби 9 оятида бизнинг кимлигимиз ҳақида ёзилган. “Худо сизларни қоронғуликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган. Сизлар Уни фазл- камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар”. Шунга кўра Исо Масиҳ шогирдлари билан гаплашиб, уларни ўз вакиллари сифатида бутун жаҳонга жўнатди:

“Отам Мени қандай юборган бўлса Мен ҳам сизларни шундай юборяпман”- деб ёзилган Юҳанно мактубининг 20 боби 21 оятида.Ушбу гаплардан аввал эса Раббимиз Самога кўтарилишидан олдинроқ, У шогирдларига: “Бориб барча халқлардан шогирд орттиринглар”-деб ҳам айтган эди. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар бир жамоат ёки кичик уй гуруҳларида мана шу юқорида айтиб ўтган учта мақсадлар бўлса, демак, Худованд шу жамоатларни баракалайди.

Шундай экан азизлар, келинг жамоатлардаги ёки гуруҳларимиздаги ортиқча ишларни тўхтатайлик ва Худованднинг улуғворлиги учун хизмат қилишни бошлайлик. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азизлар, яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top