Исо бир жойда ибодат қилар эди. Ибодатни тамом қилгач, шогирдларидан бири Унга: – Раббий! Яҳё ўз шогирдларини ўргатганидек, бизни ҳам ибодат қилишга ўргат, – деди (Луқо 11:1). Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Хазрати Исо доим шогирдларини хайратлантириб келган. Улар Исроилнинг хар бир чеккасига биргаликда бордилар. Худди генералининг орқасидан эргашган аскарлардек, улар хазрати Исонинг кетидан эргашиб юрдилар. У билан бир косадан сув ичишди, бир нонни бўлишиб йейишди, бир кўрпада ухлашди. Улар, асосан, шахардан узоқ жойлашган қишлоқларда, қамбағаллар яшайдиган жойларда, касаллик ва ўлим хукмронлик қиладиган жойларда кўп бўлишар эди. Шундай жойларда, Инсон Ўғли хилмахил мўжизалар кўрсатди. Чўлоқлар, кўрлар, кар ва сўқовлар, мохов касалликлар билан азоб чекканлар шифо топиб, руҳий эркинликка эга бўлар эдилар.
Шифо топганлар, шу қадар хурсанд бўлар эдики, улар қушлар каби, уйларига учиб борар эдилар. Улар қариндошларига ушбу ажойиб ва буюк Мехмон ҳақида улкан бахт туйғуси билан жонкуярлик билан гапириб беришар эди. Шогирдларни нафақат Исонинг кўрсатаётган мўжизалари, балки Унинг чексиз донолиги ҳам уларни хайратга солар эди. Ушбу доноликнинг булоғи қаердан чиқаётганини билишни истар эдилар. Луқо хушхабарининг ўн биринчи бобининг биринчи оятида, хазрати Исо ибодат қилиб бўлгач, шогирдлардан бири, Унинг олдига келиб, қандай ибодат қилишни ўргатишини сўрайди. Қизиғи шундаки, ушбу анча диний бўлган одамлар, хеч қачон Худога мурожаат қилишмаган. Шунинг учун, “Раббий, бизни ҳам ибодат қилишга ўргат!” деган илтимос, катта маънони англатади.
Ундан ташқари, ўша шогирд, “Яҳё ўз шогирдларини ўргатганидек” деган сўзларни ҳам қўшиб қўяди. Албатта, ушбу шогирд, бу илтимоси билан, Яҳё пайғамбарни, хазрати Исони юқори қўяётгани йўқ албатта. Менимча, бунинг сабаби, хазрати Исонинг шогирдлари орасида Яҳёнинг собиқ шогирдлари бўлган бўлиши мумкин. Нима учун шогирдлар хазрати Исога ушбу савол билан мурожаат қилишди? Чунки, хазрати Исонинг ибодатлари бошқача эди. Хазрати Исо ибодат қилганида Унинг ва Худо орасида қандайдир яқинлик борлигини сезишган. Албатта, буни сезган ва кўрган шогирдлар ҳам, бундай кучли ва Худо билан яқинлаштирувчи ибодат сирини билишни жуда исташган. Хазрати Исонинг ибодатларини эшитишар экан, улар ўзларининг ибодатлари нақадар кучсиз ва самимий эмаслигини сезишган бўлишса керак. Чиндан ҳам, бундай кучли ва таъсирчан ибодат қилишни ким ҳам истамайди дейсиз. Самимий ва ҳақиқий ибодат кучини билган одамлар ташқи томондан ҳам билиниб турилади. Уларнинг юзлари нур билан чарақлайди. Қайси вазиятга тушиб қолмасинлар, улар доим ғолибларча хурсанд бўлиб, Худога шукроналар айтишади. Бундай хаёт биз масиҳийлар учун табии хол бўлиши керак. Лекин бу ерда мухим бир савол келиб чиқиши табиий. Нима учун биз бундай масиҳийларни кам учратамиз?
Азизлар, бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, dilkashradio.com сайтидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.