3:18

Исо ва моҳир балиқчи

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз.

Бир куни Исо Генисарет кўли ёқасида турганда, халойиқ Худонинг каломини тинглаш учун Унинг ҳузурида тирбанд эди. Исо кўл қирғоғида турган икки қайиқни кўрди. Балиқчилар шу орада қайиқдан чиқиб, тўрларини юваётган эдилар. Қайиқлардан бири Симуннинг қайиғи эди. Исо унга тушиб, қирғоқдан бир оз нарироқ сузиб боришни Симундан илтимос қилди. Сўнг ўтириб, қайиқ ичидан халққа таълим беришга тушди. Насиҳатларини тугатиб, Исо Симунга: – Чуқурроқ сувларга сузиб бориб, ўлжа учун тўрларингизни ташланглар, – деди. Симун жавоб бериб: – Устоз, бизлар тун бўйи уриниб, ҳеч нарса тутолмадик. Лекин Сенинг сўзинг бўйича тўрни ташлайман, – деди. Улар Исонинг айтганини қилгач, жуда кўп балиқ овладиларки, ҳатто тўрлари йиртилиб кетди.

Улар бошқа қайиқдаги ўртоқларига ёрдам беришлари учун ишора қилдилар. Ўртоқлари келиб, иккала қайиқни чўкар даражада тўлдириб олдилар. (Луқо 5:1-8). Шу оятларни ўқир эканман, унинг маъноси жуда кучли эканин тушуниб хайратга тушаман. Нима учун дейсизми? Келинг, бир ўйлаб кўрайлик. Симун Бутрус балиқчи эди. У Генисарет кўли олдида туғилиб катта бўлган. Балиқ овлаш маҳорати унинг ота-боболаридан қолган касб эди. Ўша юртда, унданда кучлироқ ва тажрибароқ балиқчи топилмаса керак. У нафақат моҳир балиқ овчиси, балки бу мавзуда домлалик ҳам қилса бўларди. Шунда ҳам, балиқ ови билан дуч келмаган хазрати Исо, Бутрусга, Чуқурроқ сувларга сузиб бориб, ўлжа учун тўрларингизни ташланглар, – дейди. Бундай илтимосдан, Бутруснинг кўзлари катта бўлиб кетган бўлиши аниқ. У ичида, “Хазрат, ахир мен балиқчиман, менинг, бувим, дадам ҳам балиқчи бўлган. Сен эса балиқ ушлашни билмайсан-ку” деган ҳаёлга борган бўлса керак. Лекин, хазратни кўнглини оғритмаслик мақсадида, у “Устоз, бизлар тун бўйи уриниб, ҳеч нарса тутолмадик.

Лекин Сенинг сўзинг бўйича тўрни ташлайман”, – деди. Кейин нималар бўлганини албатта биласиз. Балиқ кўплигидан тўрлар ҳам йиртилиб кетишни бошлади. Бу хикоя шуни кўрсатадики, биз хатто махорат иш эгаси бўлсак ҳам, Худога бу ишни топширганимиз яхшидир. Бутрус буни тушуниб, Исонинг тизига чўккалаб: – Ё Раббий! Менинг олдимдан кетгин, чунки мен гуноҳкор инсонман, – деди. Очиғини айтганда, кўпчилигимиз худди шу йўлни тутамиз. Ўзимизни бирон бир ишда билағон билиб, бошидан охиригача ўзимиз қилишни истаймиз. Лекин, бу оятлар шуни кўрсатадики, ним иш қилмайлик, кичигиними, каттасиними фарқи йўқ, Худо буларнинг барчасини қандай амалга оширишни биздан анча яхши билади. Бутрус, мохир балиқчи бўлишига қарамасдан, кечаси билан балиқ овлаб хеч нарса тута олмаган эди. Лекин, Худонинг сўзига итоат қилиб, бир неча қайиқни балиққа тўлдиришга муваффақ бўлди. Чиндан ҳам, шаҳсан мен бу оятларнинг мағзига етмагунимча, барча ишни ўзимга ишониб қилар эдим. Лекин, хозирда, хатто майда-чувда ишларда ҳам, Раббимга ибодат қилиб, менга бу ёки у ишни қандай қилиш кераклигини сўрайман. Биласизми, бунинг фойдаси кўп экан. Бир йилда қилишим керак бўлган нарсаларни, Раббим ёрдами билан бир ойда тугатаман.

Азизлар, бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, dilkashradio.com сайтидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top