3:00

Қайноналар мактаби

MP3

Ассалому алайкум. Қайнона – келиннинг илк мактаби бўлиши лозим. Келин уйида қандай тарбия кўрганидан қатъий назар, куёвнинг уйига келгач, қайнона унга ўз-уйидаги тартиб-қоидаларни секинлик ва эҳтиётлик билан ўргатиб бориш керак. Азал – азалдан халқимизда энг қимматбаҳо бойлик вақт, умр лаҳзалари саналади. Бу бойликнинг қадрига етиш ақлли одамларга хос. Умр лаҳзаларининг бекорга совурилишига кераксиз, ноўрин ва ҳаттоки гуноҳ орттириб олишингизга сабаб бўладиган суҳбатлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Кексалар, эркаклар аёлларнинг ўз уйидан ташқарига чиқиб кўчада гаплашиб туришларини ёқтирмайдилар. Бу – бекорчилик, бемақсадлик белгиси. Телефон орқали узундан-узоқ, ҳуда-беҳуда гаплашиб ўтириш ҳам, яхши одат эмас. Шунинг учун келинга ҳам дастлабки кунлардан бошлаб телефон орқали қисқа, чиройли гаплашишни, керакли гаплардан бошқасига ўтмасликни ўргатинг. Фикримча, телефоннинг ҳамма гаплашишиш учун қулай бўлган битта жойга ўрнатилиши кифоя. Бир нечта хонага телефон ўрнатилиши ортқича ҳашам бўлиб қолмай, балки ортиқча гап-сўзларнинг кўпайишига ҳам олиб келиши мумкин.

Янги келин ўз оиласидагиларни соғиниши, улар билан гаплашгиси келиши турган гап. Лекин сиз келиннинг ўз уйидагилар билан ҳар куни телефонда боғланишига йўл қўйманг. Йўқ, бу бемеҳрликдан, қаттиққўлликдан эмас. Балки узоқни кўзлаб тутилган йўлдир. Чунки ҳаётда ҳар хил воқеалар бўлади. Оилада хурсандчилик кунлар билан бирга, кутилмаган нохушликлар ҳам юзага келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар келин ҳар куни ўз онаси, опа-сингиллари, отаси билан телефонда гаплашишга одатланган бўлса, айтайлик, сизнинг рўзғорингизда бирон-бир кўнгилсиз воқеа бўлиб қолса, келин одати бўйича уйига телефон қилади. Унинг кайфиятидан бу хонадондаги вазиятни у ёқдагилар сезиб қолишлари мумкин. Ëки келин бирон бир сабаб билан хафа бўлди, аразлади. Агар унинг учун ҳар куни уйидагилар билан телефонда гаплашиш оддий ҳолатга айланган бўлса, дарров сим қоқиб, арзи ҳол қилиши мумкин. Ëш-да ҳали у: «Жаҳлинг чиққанда ҳеч бўлмаса бир ютиниб олгин», — деган мақолнинг маъносини яхши англаб етмагандир балки. Вақт, сабру қаноат ҳар қандай дарднинг, муаммонинг давосини топиб беради. Шундай воқеани гапириб беришганди. Ҳали турмушга чиққанига бир ой ҳам бўлмай, меҳнат таътилини олиб уйда ўтирган келинга яқин дугонаси телефон қилиб: — Дугонажон, сенга айтмай десам, виждоним қийналяпти. Куёвингни ҳозирдан маҳкам ушламасанг бўлмайди, шекилли. Мен уни бугун шаҳардаги бир кафеда кўрдим. Чиройли қиз билан минг йиллик қадрдонлардай гаплашиб ўтиришган экан. Келин дарҳол ўз уйига телефон қилибди. Орага совуқчилик тушибди. Катталарнинг аралашуви билан кейин маълум бўлишича, куёв билан бирга ўтирган қиз холасининг қизи бўлиб, бир омонатини ташлаб кетиш учун келган экан. Куёв эса менга ишонмайдиган одам билан бирга яшамайман, деб тўнини тескари кийиб олибди. Мана шундай ҳолатлар юз бермаслиги учун келинга телефонда гаплашиш одоби ҳақида ҳам уқтириб қўйиш зарар қилмайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top