Narrator 1 Ассалому алайкум биродар. Ўтган сафарги саволимизга қандай жавоб беришни ўйлаб кўрдингизми? Саволни қайтаринг, дейсизми? Унда эшитинг: “Агар бугун Исо Масиҳни учратсангиз, ундан нима сўраган бўлардингиз?” Эсингизга тушдими? Энди Исо Масиҳни учратган самариялик аёл ундан нима сўраганини эшитинг. Юҳанно 4 бобда ёзилган парчадан самариялик аёл ҳақида нималарни билиб олиш мумкин? Биринчидан, у самариялик эди. Яҳудияда ва Жалила ўлкасида яшайдиган яҳудийлар самарияликлардан нафратланар ва жирканарди. Айнан шунинг учун ҳам улар Жалилага борадиган бўлса, самарияликларнинг еридан ўтмасди. Агар харитага қарасангиз, Яҳудия билан Жалила ўртасида Самария жойлашган. Агар Самария орқали бориладиган бўлса, йўл анча енгил ва тезроқ етиб олиш мумкин бўлган. Шунга қарамай, яҳудийлар Самарияни кесиб эмас, айланиб ўтишни маъқул кўришган.
Narrator 2 Самарияликлар шунчалик нафратга сазовор эдими? Исо Масиҳ эса ана шундай самарияликлардан бирига, аниқроғи самарияликлар ичидаги энг паст ва гуноҳкор деб қаралган аёлга хушҳабар айтишни ва у орқали бутун Самарияга нажот беришни истади. Муқаддас Калом бу аёл беш марта турмуш қурганини ва охиргиси ҳатто унинг эри эмаслигини айтади. Сизга бир савол: Қандай аёл шунча кўп эркак алмаштиради? Кўнгли истаган нарсасига эришмаган ва топмаган аёлми? Баъзилар қалбимиз истаган нарсага бу ҳаётда эришиш мумкин, деб ўйлашади ва ўша нарсани турли йўллар билан қидиришга ҳаракат қилади. Бу аёлга фақат Исо Масиҳ ёрдам бериши мумкин эди. Исо Масиҳ аёлга: “Лекин Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сув ўша одамнинг вужудида булоққа айланиб, абадий ҳаёт сари жўшиб оқади.”- деди.
Narrator 1 Аммо бу аёл Исо Масиҳ қандайдир мўъжизали сув ҳақида айтяпти, деб ўйлаб, шундай деди: “ — Тақсир, бу сувдан менга ҳам беринг. Мен ҳам ҳеч қачон чанқамайин, сув олгани бу ерга келавермайин.” Исо Масиҳ эса ҳаётбахш сув деб – нажотни назарда тутган эди. Исо Масиҳ аёлга таклиф қилаётган нажот, гуноҳлардан кечирилиш, Худо билан яқин муносабат эди. Аёл жон – жаҳди билан ўша Исо Масиҳ айтган сувдан олишни истади. Умиди ва нажотини ўша ўзи ўйлаган тугамайдиган оддий сувда, деб билди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг. Агар аёлда тугамайдиган сув бўлса, у сув олиш учун ҳадеб одамлар йўқлигини пойлаб, қудуқ олдига келмасди, одамларнинг таъналарига ва айбловларига нишон бўлмасди. Шунда ҳаёти сал енгиллашган бўларди. Аммо Исо Масиҳ унга бундан ҳам кўпроғини таклиф қилаётганини ҳали ҳам тушуниб етмаган эди. Биз ҳам кўпинча ўзимизни ҳаётда шундай тутамиз.
Narrator 2 Худо бизга кўпроқ нарса буришни режалаштирганда, биз “ўша кичкинасини хоҳлайман”, деб туриб оламиз. Қийинчиликлар келганда, биз ўзимизнинг ҳақиқий муҳтожлигимиз-Худо билан муносабатимизни унутиб қўямиз. Ҳар биримизнинг қийинчиликларимиз ва муҳтожликларимиз бўлса ҳам, гуноҳларимиз кечирилган ва Исо Масиҳ билан муносабатимиз бор. Ҳамма муҳтожликларимиз У орқали ҳал бўлади. Кейинроқ, у Исо Масиҳ нимани айтаётганини тушунди ва уни камситган одамлар олдигa, уларга Исо Масиҳ ҳақида айтиш учун югурди. Исо Масиҳ унинг қилган ҳамма гуноҳларини кечирди. Энди у ҳеч кимдан уялмасди. Худонинг Ўзи уни кечирган бўлса энди у кимдан ҳам уяларди!?