3:06

Қайнона келин муносабати

MP3

Ассалому алайкум. Қайноналар келинга яхши устоз ва она бўлишни билишлари лозим. Бунинг учун ўзидан аввал келин кўрган кишилардан яхши ўгитларни ўргансалар мақсадга мувофиқ бўлади. Келин ёш, унинг ўзи ҳали ёшлигини англамайди. Ўзини етарлича билимга ва тажрибага эга деб ҳис қилади. Бироқ қайнонасининг ёшига етгач келинлигида қанчалик ёшлик қилганини англаб етади. Бунгача эса меҳрибон ва оқила қайноналар келинга ёрдам беришлари керак. Аввалги суҳбатимизда айтганимиздек, қайнона келинига ҳар куни ўз уйига қўнғироқ қилишига руҳсат бермаслиги керак. Бу бемеҳрлик ёки қаттиққўлик эмас. Бу билан сиз икки оиланинг ўртасида бўлиши мумкин бўлган совуқчиликнинг олдини оласиз. Келин ҳали ёш. У телефонда билиб-билмай келинлик уйидаги воқеаларни гапириб қўйиши, ёки аразлаган пайтида телефон қилиб, икки томон ўртасига совуқчилик тушириши мумкин. Шунинг учун ҳам телефон оиладагиларнинг ҳаммасига гаплашиш учун қулай бўлган бир жойда туриши керак. Ҳар бир хонада телефоннинг бўлиши маъқул эмас. Шунда келин гапираётган гапларини ўйлаб, торозига солиб, ортиқча гапларсиз, қисқача гаплашишни ўрганиб олади. Келиннинг узоқ-узоқда оиласидагиларга телефон қилиши, унинг ўзига ҳам фойдали бўлади. Унинг ўзи ҳам ортиқча дилхираликлардан сақланади. Одам боласи баъзан кутилмаган вазиятга тушганда, кимгадир кўнглини бўшатса, енгил тортадигандек туюлади. Ўртада шайтон бор, унинг гапига кириб, ўз яқинларингдан кўра ҳам бошқасини сирдош билиб дардингни айтиб қўясан баъзан. Ана шундай ҳолатларда сал фурсат ўтиб, ҳис – туйғуларинг меъёрига тушиб, қизиққон туйғулар совуганидан кейин хато қилганингни англаб етасан. «Ҳали айтмаган сўзим – дўстим, оғзимдан чиққани – душмани,», деганларидек, шошқалоқлик билан оғиздан чиқиб кетган гапларинг душманингга айланади. Келинлар ҳар куни телефон орқали ўз уйлари билан гаплашмаслиги – уларнинг ўзларига фойда келтиради, деганимнинг маъноси шу. Келин сизнинг хонадонингизга кўникиб, бу рўзғорнинг пасту баландини англаб, шу оиланинг қувончини ўз қувончи, ташвишини ўз ташвиши деб тан олгач, уйнинг сирини ташқарига олиб чиқиш яхшилик келтирмаслигини тушуниб етгач, унда, майли, телефонда гаплашишга ҳам эркинлик берсангиз бўлади. Бу маслаҳатимни ақлли, оилам тинч, бахтли бўлсин, деган ниятда юрган келинлар тўғри тушунадилар, деган умиддаман. Келинлардан яна бир ўтинчим бор, аёл кишининг ўз эрининг ишхонасига ҳуда-беҳуда телефон қилавериши ҳам одобдан эмас. Тушунинг, эрингиз муҳим давлат ишлари билан банд, ёнида ҳамкасблари, ходимлари билан жиддий масалада маслаҳатлашаётган бўлишлари мумкин. Шундай пайтда ташқаридан ҳар қандай аралашув ноўрин, гарчи сиз унинг хотини бўлсангиз ҳам. Ҳадеб телефон қилаверсангиз, эрингизни ноқулай вазиятга солиб қўясиз. Ёшлар бу маслаҳатни тушуниб етишлари қийинроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам қайноналар бу борада ҳам келинларига яхши гапириб, эрининг ишхонасига ҳадеб қўнғироқ қилмаслигини ўргатсалар ёмон бўлмайди. Яна келинлар яқин атрофдаги ибратли хонадонларнинг яхши урф-одатларини кузатиб, ўрганишдан уялмасликлари керак. Турмушнинг қоидаси шу.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top