3:18

Хушҳабар ва Исога эргашиш

MP3

Narrator 1Ассалому алайкум қадрдон биродар. Аввалги суҳбатларимизда Исо Масиҳ хизматидаги мўъжизалар ва одамларнинг жисмоний эҳтиёжларини қондиргани ҳақида сўз юритган эдик. Бугун диққатингизни Унинг асосий ишига қаратишингизни сўраймиз. Луқо хушҳабарининг 8 боби бу ҳақида шундай дейди. “Орадан кўп ўтмай, Исо шаҳару қишлоқларга бориб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилди. Ўн икки шогирди У билан бирга эди.” Ана энди Исо Масиҳ одамларнинг энг зарур муҳтожлиги ҳақида сўзлай бошлади. Агар ҳаётда анча мунча тажрибага эга бўлсангиз, инсоннинг қанчалик моддий ёки жисмоний эҳтиёжлари қондирилмасин, унинг қалби бўш ва қоронғи бўлса, ҳақиқий ҳотиржамликни ҳис этмаслигини тушунасиз. Исо Масиҳ инсонларга Худованд билан ярашишни ва айнан руҳий эҳтиёжи қондирилишини таклиф қилаётганди.

Narrator 2 Каломга эътибор қилсангиз, Исо Масиҳ қаерга борса шогирдларини ҳам Ўзи билан бирга олиб кетар эди. Улар биргаликда юриб Худо Шоҳлиги ҳақида сўзлардилар. 9 бобда эса, Исо Масиҳ шогирдларини хизматга юборгани ҳақида айтилади. “Исо ўн икки ҳаворийни ёнига чақириб, уларга ҳамма жинларни қувиб чиқариш ва касалликларни даволаш қудрати ва ҳокимиятини берди. Исо уларни Худонинг Шоҳлигини эълон қилишга ва хасталарни шифолашга юборар экан, шундай деди: “Йўлга ҳеч нарса олманглар: ҳасса ҳам, тўрва ҳам, нон, пул, ҳатто қўшимча кийим ҳам олманглар. Қайси уйга кирсангизлар, ўша шаҳардан кетгунингизча шу уйда қолинглар. Агар бирор шаҳарда сизни қабул қилмасалар, у ердан чиқаётганингизда уларга огоҳлантириш тариқасида оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар.” Ҳаворийлар кетдилар. Қишлоқма–қишлоқ юриб, ҳамма ёқда Хушхабарни эълон қилдилар, хасталарга шифо бердилар.”

Narrator 1 Албатта шогирдлари орқали У кўпроқ ва кўпроқ одамларга Худо хушҳабарини етказа оларди. Кейинги бобни қарасангиз, Исо Масиҳ 70 шогирдни шаҳар ва қишлоқларга юборганини кўрасиз. Биринчи сафар юборилган 12 ва кейинги 70 та шогирдларга У ҳамма жинларни қувиб чиқариш ва касалликларни даволаш қудрати ва ҳокимиятини берди. Ажойиб! Ҳамма жойда Худонинг Шоҳлиги ҳақида сўзланар, касаллар ёппасига даволанар ва кетма-кет мўъжизалар ҳалқни ҳайратга соларди. Аммо шунга қарамай, баъзи шаҳар ва қишлоқлар Масиҳ шогирдларини қабул қилмаган. Бундай ҳолатни олдиндан кўрган Масиҳ шогирдларига шундай дейди: “Агар бирор шаҳарда сизни қабул қилмасалар, у ердан чиқаётганингизда уларга огоҳлантириш тариқасида оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар.” Бундай шаҳарларнинг ҳолига вой. Улар ўзларига келаётган Худо марҳамати ва тинчлигини рад этдилар.

Narrator 2 Луқо хушҳабари 9 бобнинг охирида Исо Масиҳ Ўзига эргашишнинг шартдари ҳақида сўзлайди. Ўшанда Исо Масиҳга эргашган ва Осмон Шоҳлигини ёйишда иштирок этганлар, Исо Масиҳ каби Худо хизматини биринчи ўринга қўйиб, кўпроқ ердаги ҳаёти ҳақида ўйлайдиган қариндошларини ҳафа қилиб қўйган бўлса ажаб эмас. Калом шундай дейди: “Омочни ушлаб туриб ҳадеб орқага қарайверсанг, Худо Шоҳлиги учун номуносибсан”. Бу билан Исо Масиҳ оиланг ҳақида қайғурма, демоқчи эмас. Бу инсоннинг руҳий аҳволи ҳақида айтилган гап. У Худонинг нажотига эга бўлган одам ҳадеб эски ҳаётига қарайверса ва уни қўмсаса, Худо шоҳлиги учун муносиб бўлмаслигини айтмоқчи бўлган. Сиз-чи, азиз биродар, сиз эски ҳаётингиз гуноҳларини ва одатларини қайтариб олмаяпсизми? Имонда собит туриб олға интиляпсизми? Шундай қилинг ва сизга кўк мукофоти буюк бўлур!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top