Narrator 1 Ассалому алайкум. Қадрли биродар, билсангиз, авваллари обрўли, ҳаётда мартабага ва муваффақиятга эришган ёки бирор қобилиятга эга бўлган одамлар ҳақида “Худонинг назари тушган”, деган иборани тез-тез эшитиб турардим. Шундай пайтларда ўшандай одамларга ҳавас қилардим. Кейин эса Худонинг чиндан кимлигини билганимдан сўнг бу ҳақида деярли ўйламай қўйдим.Бугун эса ҳаётида Худонинг марҳамати ва баракатини кўрган бир биродарнинг гувоҳлигини эътиборингизга ҳавола қиламиз. “Онамнинг айтишича у 18 ёшида Худони таниган ва имонга келган. Отам эса онамга уйланганидан кейин жамоатларга борса ҳам, чин дилдан Худони ҳаётига қабул қилмаган эди. Кейинчалик онамдан ва оз-оздан ўзидан эшитганларимга кўра англадимки, отамнинг ёшлиги қийин ўтган.
Narrator 2 Бобом ароқхўр ва қотил бўлган экан. Отам жамоатдаги йиғилишларда айтиладиган нарсаларга амал қилишни исташига қарамай, отасидан мерос қолган лаънатлар унинг Худони тўлиқ ҳаётига киритишига йўл қўймасди. Бу ҳақида жамоатимиз чўпони отам ўлганидан сўнг менга сўзлаб берди. У охирида жони узилишидан олдин, Худонинг нажотини қабул қилган экан. Агар отам чиндан ҳам имонга келиб вафот этган бўлса, у билан жаннатда учрашамиз деган ният билан отам юрган йўлдам эмас, аксинча, Худо бошлаган йўлдан юришга қарор қилдим ва 12 ёшимда Масиҳни Раббим ва Нажоткорим деб қабул қилдим.Отамни Худодан узоқлаштирган нарса тана хоҳишлари эди. Отамда бир оила учун керак бўлган ҳамма нарса бор эди. У онам билан оила қургач, уй ва машина сотиб олган, яхши иши ҳам бор эди. Гарчи имонли бўлмаса ҳам жамоатларга қатнаб турарди.
Narrator 1 Бироқ маҳалламизга онамдан кўра ёшроқ ва чиройлироқ аёл кўчиб келгач, ичидаги шайтоний истаклар юзага чиқиб, онамни ташлаб кетди. Ўша йилларда жамоатимизга юраги қаттиқлашган ва гуноҳ йўлида адашиб юрганлар ҳам имонга келиб, Худо олдида йиғлаб гуноҳларини тан олишарди, аммо отамнинг юраги юмшамаганидан ачинардим. Имонга келганимдан кейин англадимки, агар ўшанда имонга келмай вафот этсам аниқ дўзахга тушардим. Эшитган нарсаларим жиддий амал қилиниши керак бўлган нарса ва Нажотга ҳам жиддий қараш кераклигини яхши тушунардим. Энди англадимки, Худованд ҳаётида енгиб ўтиши керак бўлган қийинчиликлари кўп бўлган одамларга кўпроқ марҳамат бераркан. Ўша йилларда кечалари қўрқинчли тушлар кўриб чиқардим. Буларнинг ҳаммаси ёвуз руҳларнинг иши эканини билмасдим.
Narrator 2 Кейин билишимча агар оиладан биттаси, айниқса оила боши ҳаётида иблисга эшик очиб берса бу бутун оилага таъсир қиларкан. Отам оиласини ташлаб кетгач онам жуда қийналди. Шу қийинчиликлар ичида шайтон онамни ҳам Худодан узоқлаштирди. Аммо унгача мен Худода илдиз отиб бўлгандим. Худога шукурки, У мени имонда кучли қилди ва шайтоннинг хужумларидан сақлади. Бунга сабаб Худованд менинг атрофимда мен учун ибодат қиладиган одамларни қўйганидир. Баъзи имонли биродарлар мен учун узоқ вақт ибодат қилишганини кейинроқ, улар билан яқинроқдан танишганимдан кейин билдим. Худо доимо мени химоя қилиб келганини, У мени ташлаб қўймай, доимо ўзига тортганини ҳаётимда анча воқеалар бўлиб ўтганидан кейин билдим. У мени марҳаматлаган ва доим ёнида сақлаб юрган. Ота-онамнинг воқеалари менинг ҳаётимда такрорланмаслигини ва имонли ва мустаҳкам оила қуришни жуда ҳам истардим. Худо буни ҳам менга берди.