Narrator 1 Ассалому алайкум. Одамлар “Ўз кучинг билан ҳеч нарса қилолмайсан”, деганида имонли улар нимани назарда тутишларини яхши тушунади. Инсон танасига берилган азоблар албатта оғриқли, аммо ички ҳиссий азоблар билан яшаш унданда азоблироқдир. Инсон ҳаётида ўзини кераксиз ва ҳеч нарсага ярамайдиган одамдек ҳис қилиши учраб туради. Ҳар бир инсон ҳаётида бундай тушкунлик ва нотўғри ҳаёлларни ҳеч бўлмаса бир марта ҳис қилади. Бундай ҳоллардан ҳамма турлича ўтади. Кимдир яқинларининг кўмагида, бошқаси эса дўстлари ёрдамида. Бундай ҳолатда инсон ёши, қилаётган иши ва унинг шахси ҳам муҳим ўрин тутади. Кўпчилик ўлим ҳақида гапиришга ва ўзини ўлдиришга мойил бўлади. Буларнинг бари инсон ҳаётда ўз ўрнини топа олмаётганига ва Худонинг ўзи ҳақидаги фикрини билмаганлигидан келиб чиқади.
Narrator 2 Агар ўша инсон Худо уни катта бир мақсад билан яратганини ва уни ҳаддан ортиқ яхши кўришини билганида, бу ҳақида ўйламаган бўларди. Еремия пайғамбар шундай деган: “Эй Эгам, биламан, Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди, Ўз қадамини ўзи бошқара олмайди.” Шунинг учун ҳам нафақат Масиҳийликда, бошқа динларда ҳам ўз-ўзини ўлдириш – Худога қарши исён ҳисобланади. Масиҳийликда бу жуда қораланади, чунки бу ҳатти ҳаракати билан инсон Худо муҳаббатини ва ижодини рад этган бўлади. Бундан ташқари ўз жонига қасд қилиш Худо нажотини шу одам ҳаётида йўққа чиқаради. Бундай одам ўз кўнглида: “Менинг муаммоларимга ҳеч ким ёрдам беролмайди. Ҳатто Худо ҳам.”, деб ўйлайди. Тушкунликка тушганида инсон соғлом фикрлай олмай қолади. У Худонинг буюклигини, бизнинг ожизликларимиз ва бизга катта кўринган кичик муаммоларимизни ҳал қила олишини тушунмайди.
Narrator 1Инсон онгида айланаётган ёмон ҳаёллар уни нотўғри йўлга томон етаклайди. Инсон “Ўлсам, ҳамма азоблардан қутуламан”, деб янглиш фикрга боради. Аммо аслида бу тоабад азоблар чоҳига қулаш деганидир. Ўсмир ёшида бир қариндошим, ўз-жонига қасд қилди. Ҳеч ким кутмаганди. Мактабдаги охирги қўнғироқдан кейин. Ҳозир бу боланинг юрагидан нима кечганини биламан. У ўсмирликнинг қийинчиликларини ҳаддан ташқари катта деб ўйлаган. Унинг муаммоси нима бўлмасин, ҳеч ким ёрдам беролмайди, деб ўйлаган. Ё бўлмаса, кўпчилик болаларда бўладигандек, у ҳам ўзига тўғри баҳо беролмаган. Афсуски, бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Инсон яқинларига эътибор қаратмас экан, уларнинг юрагида ва онгида кечаётган ҳисларни англашга ҳаракат қилмас экан, бу ҳолатлар юз беришдан тўхтамайди. Худо ҳар биримизни катта мақсад билан яратган. Ҳеч бир инсон бу дунёга тасодиф келиб қолмаган. Инсон дунёда яшаяптими, демак унинг ҳаётида Худонинг махсус режаси бор.
Narrator 2 Аммо вақтида ўз-ўзини ўлдиришдан тийилган кўпчилик, бугун ҳаётидан мамнун ва бундай қилишдан тўхтатиб қолгани учун Худодан миннатдор. Тез-тез тушкунликка тушадиган ва ўзини ўлдиришга мойил инсонлар парчаланган руҳ ва қалб билан яшайдилар. Бундай қалб билан яшаш оғриқли, чунки улар ҳис-туйғуларгагина эргашиб яшайдилар. Бундай ҳолатда ўз-ўзимизга ёрдам беролмаймиз. Тушкунлик қалб касаллигидир. Бу қалбнинг муҳаббатга – шартсиз муҳаббатга муҳтожлигини кўрсатади. Бундай севгини эса фақат Худо бера олади. Ҳар бир инсоннинг қоронғу томонлари бор, шунинг учун ҳам Худо атрофимизга қўйган инсонларни шартсиз сева олмаймиз. Мана шунинг учун ҳам ҳаммамизга Худо керак. У бизнинг Яратувчимиз ва У бизни ўзимиздан кўра яхшироқ билади ва ҳолатимизни бошидан охиригача кўра олади. У бизнинг ягона қалб шифокоримиздир.