3:32

Масиҳ хизмати

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Уруғ сепувчи ҳақидаги масални кўпчилигимиз биламиз. Буни мен ҳам биламан, аммо ҳеч қачон бу масал Масиҳнинг ўзи ҳақида эканлигини ўйлаб кўрмаган эканман. Келинг, шу матални яна бир марта эшитиб кўрамиз: “Бир куни шаҳару қишлоқлардан талай оломон келиб, Исонинг ёнида тўпланди. Исо шундай масал айтди: “Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Одамлар уруғларни босибди, қушлар чўқиб кетибди. Баъзи уруғлар тошлоқ жойга тушибди. Уруғлар кўкариб чиқибди–ю, аммо намлик бўлмагани учун, қуриб қолибди. Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Уруғлар билан бирга ўсиб чиққан тиканлар уруғларни бўғиб қўйибди. Яна баъзи уруғлар яхши тупроққа тушибди. Улар кўкариб чиқиб, ҳар бири юз баравар ҳосил берибди.” Исо буларни айтиб бўлиб, баланд овозда: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”- деди.”

Narrator 2 Масиҳнинг хизматини ўша пайтдаги одамлар тушунишмаган, чунки улар Масиҳнинг келишини бошқача тасаввур қилишган эди. Бу пайтларда диний маросимлар ва удумлар шунчалик одатга айланган эдики, улар ҳатто бу удумлар маъносини ҳам унутиб қўйишган эди. Диний маросимлар ўтказилар эди-ю, Худо ҳақиқати маълум эмас эди. Одамлар Худо ҳақида гапиришар эди-ю, аслида юраклари ундан узоқда эди. Аммо Худонинг Каломи, Хақиқати инсон қиёфасида келганида улар Масиҳни танимадилар. Эски ахдда ёзилганларини қайта-қайта ўқисалар ҳам Масиҳнинг келиши бажо бўлганини тушунмай, Уни рад этиб, яна ўз диний расм-русумларига ёпишиб олишди. Уни тан олишни истамай, Ундан мўъжиза сўрашди. У эса шундай деди: “У одамларга: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди!” — деб айтарди.” Масиҳнинг Хушҳабари фарзийлар ва уламолар, ишонмаганлар учун қоқиладиган тош бўлиб қолди.

Narrator 1 Чунки улар Хушҳабарга ишонмай ундан мўъжиза талаб қилишарди. Масиҳ ерга улар кутгандек Шоҳ бўлиб эмас, Уруғ экувчи бўлиб келди. Аммо кўпчилик буни тушунмади. “Шогирдлар Исодан: -Бу масалнинг маъноси нима? -деб сўрашди. У шундай жавоб берди: -Худо Шоҳлигининг сирларини билиш сизларга берилган. Бошқаларга эса, Мен ҳамма нарсани масаллар билан тушунтираман.” Диний уламолар ва фарзийлар бу масалларнинг маъносини тушунарди, аммо бу уларга ёқмасди. Оломон эса бу янги Устознинг сир яширинган сўзларидан таъсирланишар, аммо унинг аслида нима ҳақида гапираётганини англамасдилар. Ҳатто Масиҳнинг шогирдлари ҳам тушунмас, аммо улар масалларнинг маъносини тушунишга қизиқиб қолдилар. Шунинг учун ўзлари Устоз билан ёлғиз қолганларида масалларнинг маъносини сўрадилар. Масиҳ эса чин дилдан ҳақиқатни қидирган одамга ундан ҳам кўпроғи насиб этишини ваъда қилди.

Narrator 2 “Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.” Исо Масиҳ эса шогирдлардан ва бошқалардан ҳам масалларнинг маъносини тушунишга ҳаракат қилиш ва сўраб-суриштиришни кутганди. Худо Каломини ўқиб-ўрганган ва Унинг ҳақиқатини тушунган одам эса қоронғуликда қолмайди. “Ким Худонинг иродасини бажаришни истаса, бу таълимотим Худоданми ёки Ўзимданми, билиб олади.” Кимда ким ҳақиқатни яхшироқ тушуниб олиш учун Масиҳнинг олдига келса, улар истаганига эришадилар. У ҳақиқатга ташна одамга Осмон Шоҳлигининг сирларини очади ва унинг қалби илоҳий нур билан порлайди. Унинг нури эса худди қоронғуликда порлаган чироқдек атрофдагиларга нур улашади. Масиҳ ўз оромидан, шуҳратидан ва шоҳлигидан кечиб, йўқолган жонларни Худовандга қайтариш учун Уруғ сепгани “далага” – дунёга келди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top