Narrator1 Ассалому алайкум. Атрофимизни оқ – қора рангда тасаввур қила оласизми? Асло йўқ. Шундай бўлганида ҳаётимиз зерикарли ва кайфиятларимиз ҳам тушкун бўлган бўларди. Чунки олимларнинг фикрича ранглар фақатгина инсон кайфиятигагина таъсир қилиб қолмай, унинг характерига ҳам ўз таъсирини ўтказа олар экан. Масалан ҳаворанг – руҳиятни тинчлантирадиган ранг. Зангори ранглар ҳам руҳиятни тинчлантириш билан биргаликда тана ҳароратини пасайтириш, қон босимини меъёрга келтириб, оғриқни сусайтириш хусусиятларига эга. Сиёҳ ранг ва бинафша ранг – илоҳий ҳиссиётлар ва ҳаёлпарастликка мойиллик уйғотади, улар асосан диндорлар ёки эртаксевар болаларнинг севимли ранги ҳисобланади. Қора ранг – танқид ва оқ ранг – софлик, мукамаллик ранги. Бехтерев фикрича, тўғри танланган ранг ҳар қандай дори – дармондан кўра инсон соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади ва даволашнинг бир усули сифатида ҳам қўлланилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Narrator 2 В.Тернер назарияси бўйича рангларнинг белгилари ва хусусиятлари у акс этган обьектларга боғлиқ. Кўз қорачиғи психобиологик кўникма ва малакаларга таянади ва рангларни барча сезги органлари орқали таъсир қилади. Тернер рангларни ташқи кўринишига уни акс эттирган обьектларга қараб таҳлил қилган. Масалан, қоннинг ранги қизил шунинг учун ҳам биз унга ҳаёт, тириклик куч тимсоли сифатида ёндашамиз деб таъкидлайди. Гете Ван-Гог ва В. Кандинскийлар учун эса ранг ўз- ўзидан бирон характерга эга бўлади ва ҳар қандай тасаввур у акс этган предметдан эмас, балки, рангнинг ўзидангина олинади ва унинг фикрини инкор этадилар. Немис шоири ва санъатшунос олими И.В.Гёте рангларнинг киши организмига кўрсатадиган таъсири билан қизиққан. У ранглар бўйича олиб борган изланишларини йирик-йирик асарларидан ҳам устун деб ҳисоблаган.
Narrator1 Унинг фикрича, ранг бирон нимада акс этишидан қатъий назар, инсоннинг руҳиятига, кайфиятига ҳаттоки, қалбидаги кечинмаларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Яъни рангдан олинган таассурот биринчи навбатда фақат унинг ўзигагина тегишли бўлади бу у акс эттирган жисм шакли ва материалига боғлиқ бўлмайди. Гёте “Ранглар ҳақида таълимот” номли асарида илиқ ранглар кишида кайфи чоғлик, совуқ ранглар эса маъюслик туйғусини уйғотиши ҳақида ёзган. Узоқ вақт давомида рангли шишаларга тикилса, улар инсонда турли кайфиятни чақиришини ўз тажрибаларида исботлайди. Ҳар бир рангнинг ўзига яраша алоҳида белгиси, хусусияти мавжуд деб таъкидлаган. Унинг фикрича, хушкайфият уйғотувчи ранглар бу сариқ ва қизил. Бу ранглар инсонни шодлантирувчи, фаоллаштирувчи ҳисобланади. Салбий рангларга эса, тўқ кўк, қора рангларни мисол қилишимиз мумкин.
Narrator2 Ушбу ранглар инсонни тушкунликка тушурувчи, ёмон хотираларни уйғотувчи хусусиятга эга. Яшил эса нейтрал ранг деб таъкидлаган. Кундалик ҳаётда инсоннинг кийимида доминант рангга қараб, психологлар унга маълум бир характеристика бериши мумкин. Психологларнинг тадқиқотлари бўйича ёш болалар тиниқ, шаффоф ёрқин рангларни ёқтирар экан. Бунга асосий сабаб, улар 3-8 ёшгача жуда фаол ва қизиқувчан бўлишида деб таъкидлашади. Болалар чизган расмлар орқали акс этган рангларда буни кузатишимиз мумкин. Агар болага яхши кўрган нарсангни чиз ва бўя дейилса, у албатта уни ёрқин ва ранг-баранг тусларда бўяйди, аксинча, ёмон кўрган буюмларни тўқ рангларда акс эттиришини кузатишимиз мумкинкинлигини, алоҳида таъкидлаш жоиз.