Ассалому алайкум азиз мухлисларимиз. Сиз азиз биродарларимиз ила ғойибона учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Марҳамат, навбатда сизлар учун тайёрланган мавзу.
Биз безорига қараб: “Бечора, ўзини ўзгартириш учун қўлидан ҳеч нарса келмайди. Унинг болалиги оғир кечган-да”, — десак, бу билан ундан жабр кўрганларга: “Сизлар одам қатори эмассизлар, шунинг учун ҳеч ким сизларни ҳимоя қилмайди”, дегандек бўламиз. Шунингдек, биз жиноятчи ҳақида фақат бир тарафлама фикр юритиб, нотўғри ҳукм чиқарамиз, ундан нафратланамиз ва унинг қўлидан фақат ёмон иш келади, деб ҳисоблаймиз.
Хушхабарда шундай бир воқеа тасвирланади. Кунларнинг бирида Филиппи шаҳрида ҳаворий Павлусни калтаклашиб, қамоққа ташлашади. Кейинги куни эрталаб эса судьялар уни озод қилиш тўғрисида фармон беришади. Павлус римликларнинг қонунларини яхши билган.
У бошқаларни кечира олган. Одамларга мурувватлик билан кечириш ҳақида насиҳат қилиб, кўплаб мактублар ёзган. Бу воқеада эса Павлус судьяларнинг ўзлари келиб ундан кечирим сўрамагунларига қадар, қамоқдан чиқмайди.
Азиз биродарлар, кечирим бериш — масиҳийча имон-эътиқод ва адолатнинг асосидир. Бироқ кечирим бериш муаммони осон ҳал қиладиган оддий усул бўлиб қолмаслиги керак. Дунёда адолатни охиригача сақлаш — бизнинг муқаддас бурчимиздир.
“Албатта, мен уни кечираман, бироқ аввал у келиб мендан кечирим сўраши керак. Нега энди мен биринчи қадамни ташлашим керак?” — дейди аёл. Эркак эса: “Мен жоним билан кечирим сўраган бўлардим, аммо унинг олдига киришга ботинолмаяпман”,- дейди.
Азиз биродарлар, шу пайтгача биз кечиримни хафа бўлган киши нуқтаи назари билан кўриб чиқдик. Агар яхши муносабатларни қайтадан тўлиқ тикламоқчи бўлсак, кечирим бериш — бу ҳали ишнинг ярми эканлигини унутмаслигимиз керак.
Иш охирига етиши учун хафа қилган одам тавба қилиши керак бўлади. Кечирим билан тавба биргаликда ярашувга олиб келади. Кечириш бу — хафагарчиликни чин дилдан кечириш; кўрган зарари ўрнини қоплаш ҳақидаги ҳар қандай даъводан кечиш; хафагарчиликни бутунлай унутиш демакдир.
Тавба қилиш бу — кечирим сўраш; зарар ўрнини қоплаш; бундан кейин ўзини айбдор ва уятли ҳис қилмасликдир.Тавба қилиш ҳам баъзида худди кечирим беришдай қийин кечади. Бу жараён ҳам аста-секинлик билан амалга ошади. Азиз биродарлар, халқимизда, “Аввал ўйла, кейин суйла” — деган ажойиб нақл бор.
Бу бежизга айтилмаган. Доимо ўз фикр ва мулоҳазаларимизни бировга етқазишдан олдин, барчасини фильтрдан ўтқазишимиз яхшироқдир. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азизлар, яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.