Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Бугун сизлар билан Хитойнинг энг бой тадбиркори Жэк Ма дан қизиқари ва фойдали маслахатларни эътиборингизга хавола этаман. Асл имкониятлар қимматбаҳо тошлар каби – улар кўзга ташланмас жойда бўлади. Муҳокама жараёнида бирор масала юзасидан таклифни иштирокчиларнинг 90 фоизи қўллаб-қувватласа ёки рад қилса, мен бу таклифни қўллаб-қувватлашга шошмайман. Сабаби оддий – агар муҳокамадаги одамларнинг барчаси мавжуд имкониятни шунчалар аниқ ва осон кўраётган эканлар, демак кўп ўтмасдан бошқа компаниялар ҳам шу осонгина лойиҳа устида бош қотирадилар, натижада бу йўналишдаги етакчиликни биз қисқа фурсатда қўлдан бой берамиз.
Сиз шундай йўл тутингки, ходимларингиз ишга ҳафсала ва иштиёқ билан келишни одат қилсинлар. 2001 йилда катта бир хатога йўқ қўйдим. Мен ўзим билан бирга компанияни шакллантиришга ҳисса қўшган ходимларга улар учун карьерадаги юксалишларининг чегараси нари борса менежер даражасигача кўтарилиши мумкинлигини тушунтирдим. Даражаси вице-президент ва ундан ҳам юқори бўлган бош менежерларни эса четдан, шу соҳанинг усталари орасидан қидиришим кераклигини ўйладим. Йиллар ўтиб, атрофимда ёлланган бу профессионалларнинг бирортаси ҳам қолмади. Лекин мен касбий маҳоратига шубҳа билан қараган ходимлар вице-президент ва ҳатто ундан ҳам масъулиятли вазифаларни аъло даражада уддалаб келмоқдалар.
Биринчи навбатда мижозлар томонда бўлинг. Кейин ходимларга ён босинг. Ва ундан сўнг акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилинг. Янги имконият ва шартларга бошқалар уларни ҳис қилмасларидан аввалроқ кўникишга одатланинг.
Пул ва уни қандай ишлаб топиш ҳақида унутинг. Менинг бошқарувда шундай қоидам бор – ишга ва чиқарган қарорларга бўлган муносабатим доимо ўзимдаги қобилиятлардан устунроқ турган. Сиз барчани бирдек фикрлашга мажбур қила олмайсиз. Бироқ барчани ягона мақсадга ишонтириш сизнинг қўлингиздан келади.
Ҳатто ходимларингизни бир хилда фикр юритишга мажбурлашни хаёлингизга ҳам келтирманг. Бу имконсиз. Қўл остингиздаги ишчиларнинг камида учдан бир қисми сизга ишонмаса, уларга ўз-ўзларича ишлашларига имкон яратманг, уларнинг ҳам бошларини бир мақсад атрофига қовуштириб, жамоавий ишлашга ўргатинг.
Одамлар табиати шундай – улар раҳбардан кўра, қанчалар ақлга тўғри келмайдиган бўлса ҳам, бирор ғоя атрофида тезроқ жипслашадилар. Бўлак-бўлак ва калта-култа ишлар ўрнига мустаҳкам ва узоқ муддатли режаларга диққат қилинг. Сизнинг узоққа боришингизни таъминлайдиган омил – бу сизнинг ишга муносабатингиз.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.