Narrator 1 Ассалому алайкум. Худо маъбади Мусо пайғамбарга Худонинг ўзи айтганидек қурилган ва у Худо зуҳур бўладиган энг муқаддас жой эди. Бугун ҳам унинг бу ҳислати ўзгармаган. Исо Масиҳ келиши билан Эски Ахд ўрнини Янги Аҳд эгаллади. Янги Аҳдга кўра бугунги Худонинг маъбади ҳақида шундай дейилган: “Наҳотки билмасангиз? Сизлар Худонинг маъбадисизлар, Худонинг Руҳи ичингизда яшамоқда. Кимки Худонинг маъбадини бузса, уни Худо уради. Чунки Худонинг маъбади муқаддасдир; бу маъбад эса сизларсиз. Ҳеч ким ўз-ўзини алдамасин. Сизлардан ким бу дунёда доно бўламан деса, доно бўлиш учун ўзини ақлсиз деб билсин. Чунки бу дунёнинг донолиги Худо олдида ақлсизликдир. Забурда ёзилганидай: “У доноларни ўзларининг қувлиги ила тўрга илинтирар”. Павлус Коринфдаги имонлиларга, сизлар Муқаддас Руҳ яшайдиган Худонинг муқаддас маъбади бўлиб ҳисобланасизлар демоқда.
Narrator 2 Шунингдек, Павлус уларга хукм қилиш бу фақат Худонинг хуқуқи эканлигини айтиб, уларни ҳар қандай хукмдан воз кечишга чақирмоқда. Худо бизни Ўзининг ҳалқи ва Муқаддас Рух яшайдиган маъбади қилиб янгитдан яратди. Эски Аҳдда Худо Ўзининг маъбадини бузганларни жазолагандек, ҳозир ҳам нотўғри ҳаракатлар билан бирликка қаршилик қилганларни ёки жамоатнинг негизи (Масиҳни), Худонинг янги маъбадини бузмоқчи бўлганларни Худо кўриб турибди. 1 Коринфликларга мактуб 4 бобда ҳам Худонинг маъбади ҳақида аниқ кўрсатмалар берилган. Ҳаворий Павлус ҳақиқий Худонинг маъбади бўлиш ҳақида шундай дейди: “Одамлар бизни Масиҳнинг хизматкорлари ҳамда Худонинг сир–асрорларини баён этишга масъул инсонлар, деб билишлари керак. Биздан талаб қилинган нарса ишончли бўлишдир. Мени сизлар ҳукм қиласизларми ёки маҳкамада ҳукм қилишадими, менга фарқи йўқ.
Narrator 1 Мен ўзимни ўзим ҳам ҳукм қилмайман.” Хушхабар ишчилари — Масиҳнинг хизматчилари ва Худонинг нажот ҳақидаги режасининг ваъзхонлари бўлиб ҳисобланади. Улар ўзларини шон-шуҳратини излашмайди. Улар фақат Раббийдан мақтовлар кутишиб, бутун юраги билан Унга хизмат қилишади. Ҳаворий Павлус давом эттириб шундай дейди: “Зотан ўзимда ҳеч бир айб кўрмасам ҳам, бу билан ўзимни оқламайман. Чунки мени ҳукм қилувчи Раббимиз Исо бўлади. Шу боис сизлар ҳам вақтидан олдин, Раббимиз келмагунча, асло ҳукм қилманглар. У келиб зулматда яширилган нарсаларни равшан қилади, инсон юракларининг мақсадларини ошкор этади. Ўшанда ҳар ким ўз ишига яраша Худонинг таҳсинига сазовор бўлади.” Павлусни, ўзи ҳақида бошқалар қандай фикрда эканлиги қизиқтирмайди ва ўзини – ўзи ҳукм қилмайди, чунки хамма нарса Ҳукм Куни, Худонинг олдида ошкор бўлади.
Narrator 2 Ҳаворий ўзининг юраги тозалигига ишонарди, шунга қарамай у бу билан ўзини оқламади. Инсонлар қўйган баҳо, Худонинг фикридан мутлақо бошқача бўлиши ҳам мумкин. Ҳар бир имонли ҳаворий Павлусдан ўрнак олса арзийди. Зотан у Каломда хизматчилар қандай бўлиши кераклиги ва бошқалар Каломга қандай амал қилишлари лозимлигини айтади. “Эй биродарлар, мен сизларни ўйлаб, бу қоидаларни ўзимга ва Аполлосга татбиқ этдим, токи сизлар ёзилгандан ташқарига чиқмай, билармонлик қилмасликни биздан ўрганинглар, бир-бирингиз олдида кеккайманглар.” Биз мартабамиз, илмий салоҳиятимиз, интеллектуал устунлигимиз билан бошқалардан устунмиз дея олмаймиз, чунки бизнинг қандай устунлигимиз бўлса, ҳаммаси Худодан келган. Ҳеч бирида бизнинг хизматимиз йўқ.