Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азизлар билан яна ғойибона учрашишимизга имконият пайдо бўлгани учун Худовандга миннатдормиз. Азиз биродарлар, Худонинг Руҳи билан яшаётган Юсуф, Миср фиръавини хизматкорларининг тушларини эшитиб, Парвардигор Юсуфни бу одамларнинг тушларини таъбирлаб беришга чақираётганини англаб етди.
Бу иккала инсоннинг кўрган тушлари ҳақиқатан сирли маънога эга эди. Юсуф уларнинг хавотир олаётганига эътибор қилиб,тушларини таъбирлашни таклиф қилди. Юсуф улар кўрган туш Парвардигордан эканлигини тушунди.
Бош соқий кўрган тушини ҳикоя қилиб берди.Мен тушимда олдимда бир ток кўрдим. Токда учта новда бор экан. Новдалар ўсиб, гуллаб шингил-шингил узумлар пишди. Менинг қўлимда фиръавннинг косаси бор экан.
Мен узумларни олиб сиқдим ва фиръавннинг косасига қўйиб, унинг қўлига бердим, — деди. Юсуф бош соқийнинг тушини шундай таъбир қилиб берди. Тушингизнинг таъбири шу: уч новда – уч кун.
Мана уч кундан кейин фиръавн сенинг бошингни юксалтириб, аввалги мансабингга қайтаради. Худди аввал қилганингдай, подшонинг қўлига косасини тутасан.
Фақат сендан бир илтимос: “Озод бўлганингдан кейин мени ҳам зиндондан чиқариб олишга ёрдам бер, — деди. Шеригининг тақдири яхшилик билан тугашини эшитган бош новвой ҳам тушини Юсуфга айтиб беришга шошилди. Бош новвой: “Мен ҳам туш кўрдим.
Бошим устида саватда кулча бор экан. Энг устки саватда новвойлар фиръавн учун махсус тайёрлаган ҳар хил таомлар бор экан. Лекин қушлар келиб, бошим устидаги саватдан уларни чўқиб кетди”, — деди. Юсуф унга жавоб бериб: “Тушнинг таъбири шу: уч сават — уч кун.
Мана уч кундан кейин фиръавн бошингни танангдан жудо қилиб, сени дорга остиради, қушлар келиб этингни танангдан чўқиб кетади”, — деди. Бош соқий ва бош новвойнинг туши Юсуф таъбир қилгандек содир бўлди.
Орадан уч кун ўтиб, Миср подшоҳи ўзининг туғилган кунини нишонлаш муносабати билан бутун мулозимлари учун зиёфат қилди. Мулозимларидан ўзининг бош соқийси ва бош новвойини ҳам ўртага чиқарди.
Бош соқийни ўз мансабига қайтарди ва у яна косани фиръавн қўлига берди. Лекин бош новвойни эса, Юсуф таъбир қилгандек, дорга остирди. Шундан сўнг бош соқий Юсуфни бошқа эсламади, уни унутиб юборди. Аммо тушларни тўғри таъбир қилиш Юсуф учун муҳим шароит эди.
Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Азизлар, яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.