Ассалому алайкум азиз мухлислар, сиз азизлар билан яна соғ-омонликда учрашиб турганимиздан бенихоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, Худо бизга ҳам илоҳий, ҳам инсоний бўлган калом орқали гапиради. Буни барчамиз яхши англаймиз ҳамда биз буни Худонинг Каломи — Исо Масиҳда кўришимиз мумкин:
У ҳам Худо, ҳам инсондир. Биз Исонинг илоҳий табиатини улуғлаш билан Унинг инсоний табиатини пастга урмаймиз. Шу билан бирга, Унинг инсоний табиатини эъзозлаганимизда, Унинг илоҳий табиатини назардан четда қолдирмаймиз.
Муқаддас Китоб инсон қиёфасига кирган Исо Масиҳда ўзининг тўлиқ маъносини топар экан, бу бизга Муқаддас Китобнинг илоҳий-инсоний калом сифатидаги табиатини тушунишимизга қўл келади.
Худонинг Каломи бизга, яъни инсониятга инсон орқали ҳамда инсоният тарихи воситасида берилган. Талқиннинг баъзи услублари мана шу ҳақиқатни назардан четда қолдиришади. Булар сўзма-сўз ва аллегорик талқинлардир.
Сўзма-сўз талқин ваҳийнинг тарихий талқиндаги ролини ерга урса, аллегорик талқин эса, тарих ваҳий содир бўладиган саҳна бўлиши мумкин эмас, деган фикр билан ундан воз кечади.
Аммо Муқаддас Китобнинг тузилишида маълум типология мавжуд бўлиб, унга кўра, Худонинг босқичма-босқич очиладиган ваҳийсида тарих ўта муҳим ўрин эгаллайди. Худо бизга ҳам илоҳий, ҳам инсоний бўлган калом орқали гапиради.
Биз буни Худонинг Каломи — Исо Масиҳда кўришимиз мумкин: Худонинг қутқариш фаолияти бутун нажот тарихида босқичма-босқич очиб берилган Худонинг ғайритабиий ваҳийсини ўз ичига олади. Мана шу Калом Муқаддас Ёзувларда биз учун сақлаб қолдирилган.
Нажот берувчи Каломнинг бутун аҳамияти, Худонинг гуноҳ масаласини ҳал этишга киришишини биринчи бор маълум қилган пайтдан бошланиб, Исо Масиҳга келибгина тўлиқ очилди. Исо Масиҳнинг Худонинг Муқаддас Каломига муносабати шу: Масиҳ бу Каломни хулосалаб беради, уни тўлдириб бажо келтиради ва уни талқин этади.
Шу сабабдан, Худонинг Каломи Исо Масиҳдир. Муқаддас Ёзувлардаги ҳар бир сўз Исога томон бошлайди ва Унда ўз маъносига эга бўлади. Бундан ташқари, Юҳанно мактубининг1 боби 1 ва 3 ояти ва Колосаликларга мактубининг 1 боби 16 оятларида Исо Масиҳ Худонинг абадай Каломи эканлиги ва бутун коинот У орқали яратилганлиги айтилган.
Мана шу икки оятдан ойдин бўлади-ки, Унинг дунёда олиб борадиган нажот фаолияти гуноҳ туфайли кейинчалик ўйлаб чиқилган режа эмас; бу фаолият Худонинг абадий режаси, мақсади бўлган. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азизлар, яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.