Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Бугунги бироз телбароқ бўлган дунёда ғайриоддий вазифалар ёки лавозимлар албатта топилади. Умуман олганда, пул топишнинг ғайриоддий усуллари талайгина. Уларнинг барчаси одамларнинг қанчалик тадбиркор бўлиши мумкинлигини исботлайди. Баъзи усуллар мутлақо қонуний ҳисобланса-да, кўпчиликка шубҳали, ақлга сиғмайдиган даражада телбанамо туюлади. Гарчи шаън, шарм-ҳаё, обрў-эътиборни ҳеч қандай пул билан ўлчаб бўлмаса ҳам, одамларнинг пул топиш учун қанчалик “узоққа” бориши мумкинлиги одамни баъзан ҳайратга солиши мумкин. Аввалги дастуримизда уларнинг базилари билан таништириб чиққан эдик. Энди эса пул топишнинг энг ғайриоддий, ажойиб ва таажжубли йўллари билан таништиришни давом этамиз.
Кал бош — реклама учун жой.
Калбошлар сочлар уларни барвақт тарк этганидан афсусланиб, армонда юришади. Ана шундайлардан бири америкалик Брендон Чикотси ўз камчилигидан бўшаб қолган чўнтаклари учун фойдали ва ўринли фойдаланиш йўлини излаб топди.
У кал бошидаги махсус реклама учун ажратилган жойни кунига 320$ га сотади. Яъни, бу одам кал бошман, дея ҳаётдан ҳафа бўлиб, азият чекиб ўтирмасдан, камчилигини пассив даромадга айлантира олди ва бунинг ортидан ойига, диққат қилинг, 10000$ ишлаб топади! Реклама берувчиларнинг унга қўядиган ягона талаби – бутун иш куни мобайнида одам гавжум ерларда сайр қилиш, холос. Ана шунака, одам пул топиш учун қўлига кетмон олиб, тер тўкиб, икки букилиб, қора меҳнат қилиши мутлақо шарт эмас экан. Салгина топқирлик бўлса бас.
Соч савдоси.
Бугун сочларни сунъий йўл билан ўстириш жуда оммалашган. Бу эса ўз навбатида табиий сочларга бўлган талабни тобора оширмоқда. Европа ва АҚШдаги сунъий сочларни ўстирувчи ва парик ишлаб чиқарувчи компанияларга маҳаллий аёллар ҳам сочларини топширсалар-да, табиий сочларнинг аксариятини улар Осиё қитъасидан олишади. Масалан, ҳиндистонлик аёлларнинг кўпчилиги сочларини сотиш учун махсус ўстиришади ва бунинг ортидан яхшигина пул ишлашади.
Футболка кийиш.
Ғоя жуда оддий. У шундай жаранглаяптики, ҳатто ҳеч қачон пул топишга ёрдам бера олмайдигандек. Аммо 2005 йилда АҚШлик Джейсон Сэдлер исмли одам компанияларнинг логотипи туширилган футболкаларни кийгани учун унга пул тўлашлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолди. У кийиб олган футболкасига логотипи туширилган компания ҳақида атрофдагиларга сўзлаб беришни ҳам таклиф эта бошлади. Фикр компанияларга ёқиб тушди. Мижозлари кўпайиб кетган Седлер унга ўхшаб футболка кийиб юриш учун яна тўртта ходимни ёллашига тўғри келди. Орадан 5 йил ўтиб, у ўз хизматлари нархини икки баробар оширди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳозирда у йилига $500 минг ишламоқда!
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.