Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Бугун биз сизлар билан оилавий тадбиркорлик ҳақида сўз юритамиз. Хўш, оилавий тадбиркорлик деганда нима тушунилади. “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолият бўлиб, ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади.
Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади
Оилавий корхона нима? Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун ихтиёрий асосда, иштирокчиларнинг улушли ёки умумий мол-мулк, шунингдек иштирокчилардан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс сифатида фаолият кўрсатади.
Ушбу корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.
Оилавий корхона иштирокчилари бўлиб ким иштирок этиши мумкин?
Оила бошлиғи, унинг хотини ёки эри, болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари, болалари ва набираларининг эрлари ёки хотинлари, туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари ёки хотинлари ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг муомала лаёқати қонунга мувофиқ тартибда чекланган бўлмаслиги керак.
Давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иш бўлиши мумкин эмас. Бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўла олмайди.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.