3:30

Хўшея пайғамбар ва Исроил халқи

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрли биродар. Калом ўқиш жараёнида Каломда ёритилган ҳар бир халқ, инсон ва воқеаларни жонлантиришга ва уларнинг сифатларини яратишга ҳаракат қиламиз. Аммо Калом ўқиш жараёнида энг муҳим ўрганадиган ҳақиқатимиз бу Худо ҳақидаги ҳақиқат бўлади. Биз ўқир эканмиз ўзимиз, яъни инсон ва Худованд ҳақида кўпроқ билиб оламиз. Инсоннинг бевафолигини ва Худованднинг садоқатини кўрсатадиган энг ёрқин намуналардан бири бу Хўшея пайғамбар китобидир. Хўшея пайғамбар Амос пайғамбардан кейин ваъз қилган. Унинг фаолияти шимолий Исроил шоҳлигининг қулашидан аввалги даврга тўғри келади. Каломда унинг фаолияти бошланиши ҳақида шундай ёзилган: “Яҳудо юртида шоҳлар Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё ҳукмронлик қилган даврларда Исроил тахтида Йўш ўғли Ёрубом ўтирган эди. Ўша вақт мобайнида Бэри ўғли Хўшеяга Эгамиз Ўз сўзларини аён қилди.”

Narrator 2 Исроил шоҳлиги милоддан олдинги 721 йилда қулаган. Китобнинг биринчи уч бобида Хўшеянинг оилавий ҳаёти тасвирланган. Хўшеянинг оиласи у Исроил юртида ваъз қилган хабарнинг жонли сурати эди. Худо халқи Исроилнинг бевафолигини намоён қилмоқчи бўлиб, Хўшеяга: “Фоҳиша аёлга уйлан”, — деб амр қилган. Фоҳишаларга бўлган муносабат, бутун инсоният тарихи давомида ҳеч ўзгармаган. Аввал уларга қандай муносабатда ва қандай жирканиш билан қараган бўлсалар, бугун ҳам уларнинг ҳолати бундан яхшироқ эмас. Эсли-хушли ҳеч қандай эркак, ҳаётини фоҳиша билан боғлашни истамаса керак. Бизнингча, Хўшея ҳам буни истамаган, аммо Худованд шундай дегач, Унга қарши чиқиш мумкинми? Асло йўқ. Ахир Худованд унинг ҳаёти орқали Худованд билан Исроил халқи орасидаги муносабат ва уларнинг аслида кимлигини кўрсатмоқчи эди.

Narrator 1 Хуллас, Хўшея фоҳиша аёлга уйланди ва у аёлдан уч фарзанд кўрди. Хўшеянинг фарзандларига Худо Исроил халқининг жазоланишини эслатиб турадиган исмларни қўйди. Худо Хўшеяга: “Бевафо хотинингни севгин”, — деб амр қилганди, чунки бу севги Худонинг бевафо Исроил халқига бўлган абадий севгисининг тимсоли эди. Хўшея китобининг қолган қисмида Худонинг Исроил халқи билан тузган аҳдига алоҳида эътибор берилган. Бу аҳдга кўра, Худо ва Исроил халқи бир–бирига садоқатли, вафодор бўлишлари керак эди. Худо доимо аҳд шартларини бажариб келган, Исроил халқи эса ҳар сафар аҳд шартларини бузган. Улар Худонинг ёрдамига инонмай, лашкарининг кучи ва бошқа юртларнинг ёрдами билан ўзларини ҳимоя қилмоқчи бўлганлар. Бундан ташқари, бутларга сиғиниб, яхши ҳосил йиғиб оламиз, қўй–молларимиз кўпаяди, деб умидини бутларга боғлаганлар.

Narrator 2 Каломда Исроил халқини фоҳишага ўхшатгани жуда тўғри эди, чунки ҳақиқий эгаси ва Худоси бўлган халқ бутларга ҳам мурожат қилиб, уларга ҳам ишонар эдилар. Калом шундай дейди: “Эгамиз дастлаб Хўшея орқали гапиришни бошлаганда, унга шундай деган эди: “Бориб фоҳиша аёлга уйлан, у сенга бегона эркаклардан орттирган фарзандлар туғиб беради. Зотан, Менинг халқим ҳам фоҳишага ўхшайди. Улар Менга бевафолик қилиб, бегона худоларга сажда қилишмоқда.” Хўшея Диблайим қизи Гўмерага уйланди. Гўмера ҳомиладор бўлиб, Хўшеяга ўғил туғиб берди.” Худованд Хўшеянинг ҳар бир туғилган фарзандига ҳам рамзий маънода исмлар қўйиб берди. “Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Йизрил қўй. Чунки кўп ўтмай Мен Ёҳу хонадонини Йизрил водийсида қон тўккани учун жазолайман.” Афсуски, бу мавзуни ёритиш учун вақтимиз кам. Шу сабабли бизни кейинги суҳбатларимизда тингланг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top