Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Хўшея китобини бирма – бир диққат билан ўқиб чиқар экансиз, Исроил халқининг нақадар Худодан узоқлашиб кетганини кўрасиз. Худованд нега Исроил ва Яхудо халқларини фоҳишага ўхшатганини биласизми? Келинг, биргаликда тасаввур қилиб кўрамиз. Бу ҳалқ бир чиройли қиз эди. Худо уни танлаб, Миср юртидаги қийинчиликлардан, азоблар ва қулликдан озод қилди. Худони унинг куёви деб атасак. Куёви уни қийинчилик ва қулликдан олиб чиқди. Унинг учун кўп мўъжизалар қилди. Уни йўл-йўлакай қароқчилардан, яъни бошқа халқлардан ҳимоя қилди, унинг қорнини яна мўъжизавий тарзда тўйдирди. Унга ер ва бошпана берди. Мен сенинг эганг ва хожанг бўламан, деди. Уни доим ҳимоя қилишга ва у билан бирга бўлишга ваъда берди. Аммо бу қиз уй жойга эга бўлгач, вақт ўтиб ўзига бошқа хожаларни, яъни бутларни топди.
Narrator 2 У шу бутларга хизмат қилиб, қанча дахшатли гуноҳларни қилди. Мана нима учун Худованд бу халқни фоҳишага ўхшатган. Ким фоҳишага уйланиб, турмуш қургандан кейинги гуноҳларига ҳам чидаб яшаши ва шундан кейин ҳам уни севиши мумкин. Буни Хўшея пайғамбар қилди. Худо унга шундай қилишни буюрди. Чунки Хўшеянинг хотини билан муносабати худди Худо билан Исроил халқининг муносабатига ўхшарди. Халқнинг гуноҳлари учун Худованд шундай деди: “У байрамларда Баалга атаб тутатқилар тутгани учун, Узугу тақинчоқлар билан безаниб, Ўйнашларининг кетидан юргани учун, Мени эса тамом эсидан чиқариб юборгани учун, Мен уни жазолайман!” Аммо Забурда ёзилганидек, Худованд то абад аразлаб юрмас. У гуноҳларимизни биздан узоқлаштирар. Унинг Ўз халқига бўлган севгиси туфайли У яна шундай ваъда берди:
Narrator 1 “Кўп ўтмай Мен унинг кўнглини овлайман, Уни саҳрога олиб бориб, ширин сўзлар айтаман. Ўша ерда узумзорларини қайтариб бераман, Кулфат сойлигини умид эшиги қиламан. Ўша ерда у Менга эргашади, Ёшлигида, Мисрдан чиққан чоғида эргашгандай ортимдан юради.” Эгамиз шундай демоқда: “Эй Исроил халқи, ўша куни сен Мени ‘Эрим’, деб чақирасан, ҳеч қачон ‘Баалим’ демайсан. Баалнинг номини қайта тилингга олмайдиган қиламан. … Сен тинч, бехатар яшайсан. Мен сени Ўзимга абадий никоҳлаб оламан. Сенга нисбатан адолатли ва одил бўламан. Сени доим севаман, меҳр–шафқат кўрсатаман. Сенга вафо қиламан, сен Мени Эганг, деб биласан.” Қандай ажойиб! Худовандни яхши кўрмаслик мумкинми? Унинг ўзгармас экани қанчалик ҳақиқат бўлса, берган ваъдалари ҳам шунчалик ҳақиқатдир. У берган ваъдасининг устидан албатта чиқади.
Narrator 2 Хўшеяга қайтадиган бўлсак, таҳминимизча, унинг хотини аввалги қилиқларини турмушга чиққанидан сўнг ҳам қилган бўлса керак. Чунки Худованд унга шундай деб буюрди: “Қани бор, Хўшея! Ўйнаши бор ўша суюқ оёқ хотинингга бошқатдан кўнгил қўй. Мен Исроил халқини қандай севсам, сен ҳам хотинингни шундай севгин. Зотан халқимнинг ҳам кўнгли бошқа худоларга чопади, майизли кулчаларни уларга назр қилишни халқим яхши кўради.” Хўшея давом эттириб шундай дейди: “Шундай қилиб, мен ўн беш кумуш танга ва тўққиз сават арпага ўз хотинимни сотиб олдим. Унга дедим: “Сен узоқ вақт давомида меникида яшайсан. Фоҳишалик қилмайсан.” Шу сингари Исроил халқи ҳам анча вақт давомида шоҳу шаҳзодасиз, қурбонликлару бутсимон тошларсиз, эфод ва бутларсиз яшайди. Бундан кейин улар қайтадан Эгаси Худога ва Довуд наслидан бўлган шоҳга юз буришади. Келажакда қўрқув билан Эгамизга бўйин эгишади. Худонинг баракасидан баҳраманд бўлишади.”