Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Бугунги кунда қаерга қараманг, ҳамма жойда оналар ўз фарзандлари билан фаҳрланиш учун уларни ўзлари орзу қилган касбга ёки машғулотга йўналтирмоқдалар. Кўча-куйдан оналарнинг: «Менинг қизим эндигина тўртга кирди лекин ҳамма ҳарфларни билади», ёки «Ўғлим олти ёшда, у санашни ўқишни ва ёзишни аллақачон ўрганиб олган», каби гапларни эшитамиз. Авваллари болалар ёзиш ва ўқишни мактабга боргач, ўрганишарди, аммо ҳозир ўқиш, ёзиш, санаш ва қўшиш айиришларни мактабга бормаёқ ўргатиш, урфга кирган. Аниқроғи бу таълим беришнинг янги усули ҳисобланади. Оналар ҳам шунга яраша болалари тезроқ маълумотли бўлиши учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар.
Бир суҳбатларимиздан бирида Япон педагоги Ибука Масарунинг методик усуллари ҳақида гаплашган эдик. Унга кўра боланинг қай соҳага қобилияти борлигини уч ёшгача аниқлаштириб олиш ва шунга кўра йўналтириш керак. Ундан сўнг кеч бўлади. Баъзи педагоглар эса бу фикрга қарши чиқадилар, уларнинг фикрича болани ёшлигидан ўқитиб, ёки бирор нарсани ўргатиб қийнамаслик керак. Бироқ оналар боласини бирор нарсага ўргатишни қанча эрта бошласа шунча яхши. Бу йўлда оналар мақсадларни аниқлаштириб олишлари зарур. Чунки болани ўзи истаган нарса билан шуғулланишига қўйиб бериш лозим. Оналар боласини спорт билан шуғулланишини истаса, бола буни истайдими, йўқми, албатта спорт билан шуғуллантиради. Мусиқа билан шуғулланишини истаса мусиқа билан шуғуллантиради. Бунинг албатта ёмон жойи йўқ, аммо буни тўғри амалга ошириш керак.
Ота-она ёшлигида ўзлари эриша олмаган орзуларига болалари орқали эришмоқчи бўладилар. Бола буни исташи ёки истамаслиги билан ишлари йўқ. Бола спорт билан шуғулланаяптими, шоҳсупаларга чиқиб ғолиб бўлиши шарт, деб ўйлашади. Ёки фарзанд бирор бир мусиқа тури билан шуғулланса шу борада устаси бўлиши керак деб ҳисоблашади. Бу талаблари ва истаклари билан боланинг ўша нарсага бўлган қизиқишини ҳам сўндириб қўйишлари мумкин.
Боланинг нимага қизиқишини ёки нимага қобилияти борлигини билиш учун, уч-тўрт ёшли боланинг олдига турли хил ўйинчоқларни қўйиб қўйинг. Бири ўйинчоқ пианино бўлсин, иккинчиси йиғиб ўйналадиган лего, учинчиси қоғоз ва қалам, тўртинчиси, қоғоз ва бўёқлар.
Бола қай бирини танласа, ўшани унинг қўлига бериб, у билан бирга ўйнаб, чизиб ёки бўяб маза қилинг. Болангиз билан ўйнаш жараёнида унинг нимага қобилияти борлигини билиб оласиз. Бирор нарсани ўрганиш бола учун машаққат бўлмаслиги керак, аксинча у нарсани шундай ташкиллаштирингки бу болани қизиқтирсин. Бундай тарзда болани бирор нарсага ўргатиш қийин бўлмайди.
Болаларга жуда эрта ёшдан таълим беришдан мақсад уларнинг ҳаммасини ҳам гений қилиб ўстириш эмас. Болаларга эрта ёшдан таълим беришдан мақсад уларни бахтли инсон қилишдир. Мусиқа мактабида ўқиган ҳамма бола ҳам мусиқашунос ёки мусиқа соҳасида ишлайдиган кишилар бўлиб етишмайдилар. Аммо келажакда улар мусиқани севадиган, фарзандларига бемалол ўргата оладиган ва бўш вақтларида мусиқа чалиб роҳатланадиган инсонлар бўлиб етишадилар. Шунинг ўзи бахт эмасми?