3:12

Бахтли болалик

MP3

Ассалому алайкум қадрдон оналар. Бугун ҳам суҳбатимизни болаларга эрта таълим беришдан мақсад нималигини англашга қаратдик. Мен Лола машхур япон педагоги Масару Ибуканинг сўзларига қўшиламан. У ўз китобида шундай ёзади:

«Менинг назаримда болага эрта таълим беришдан мақсад- бахтсиз болалар сонини камайтиришдан иборат. Болага бирор мусиқани эшиттирар экансиз ёки бирор бир асбобни чалишни ўргатар экансиз, ундан келажакда иқтидорли ёки машхур мусиқачи бўлишини кутманг. Болага чет тилларни ўргатар экансиз келажакда ундан машхур ва тажрибали лингвист тайёрлашни ҳам оруз қилманг. Болага юқоридаги нарсаларни ўргатишдан мақсад уларни келажакда шундай соҳа мутахассиси тайёрлаш бўлмаслиги керак.

Болани эрта ёшдан таълим беришдан мақсад дунёда яшар экан, чексиз имкониятларга эга бўлишига ва ҳаётдан имкон қадар кўпроқ завқ олишига эришишдир.» Бу жуда тўғри топиб айтилган гап. Агар фарзандларимиз уч ёки тўрт тилни билса бу уларга келажакда ишларига, ҳаётдан завқ олишига ёрдам бермайдими? Ёки бўлмаса бирор бир мусиқий асбобни чалишни билса, бу унинг мактабдаги ўқишига, эстетик тарбиясига ва руҳий комил шахс бўлишига ёрдам бермайдими? Албатта беради.

Агар бизни тинглаётган оналар орасида менинг болам иқтидорли эмас, деб ўйласа, адашадилар. Иқтидорли бўлмаган боланинг ўзи йўқ. Бола ёшлигидан у ёки бу нарсага иқтидорли бўлади. Фақат у табиат томонидан кимгадир кўп кимгадир кам берилган бўлади. Боланинг бирор нарсага иқтидори бор йўқлигини кўра олиш ва уни вақтида ўстириш оналарнинг зиммасидаги вазифа.

Болангиз нима билан шуғулланмасин унга ёрдам беринг, қўллаб қувватланг, рағбатлантиринг. Биринчи фарзандим икки-уч ёшлигида ўйинчоқлар қолиб бошқа нарсаларни ўйинчоқ қилиб ўйнарди. Дугонам ўшанда унинг нимага қобилияти ва қизиқиши борлигини тасодифан тўғри топган. Ўшанда у шундай деганди: «У йўқ жойдан бирор нарса яратишга қизиқади». Ўғлим ростдан ҳам шундай. Бирорта кераксиз детални сақлаб қўйиб, кейинчалик ундан бирор нарса ясашда ишлатади. У нарса ясашга, ихтиро қилишга қизиқади.

Сизнинг фарзандингизда ҳам ўзига яраша иқтидор борлигига аминман. Болангизни эрта ёшидан бошлаб, нималарга қизиқишига эътибор қилинг. Нимага қизиқса ўша нарсани ўйнашига имкон беринг. Ўзингиз ҳам у билан бирга ўтириб ўйнанг. Болангизни яхшироқ биладиган ва тушунадиган бўласиз. Масару Ибука бола онги ҳақида шундай дейди:

«Боланинг онги худди губкага ўхшайди. У бериладиган маълумотларни тезда ўзлаштириб олади. (бироқ тезда унутиб қўйишини ҳам ёддан чиқарманг). Унга ортиқча маълумот бериб толиқтириб қўяман деб ўйламанг. Боланинг мияси бир мартада ўзига керакли маълумотни олиб бўлгач, ортиқчасини қабул қилмайди.» Бу жуда тўғри. Ўйлаб кўринг болангиз сиз қилган ишларга, гапларга тақлид қилади. Кўпгина оналар ҳазиллашиб болаларини «магнитафон» дейишади. Чунки онасининг гап-сўзларини ўйнаб туриб ҳам ипидан-игнасигача ёзиб олади. Шундай экан, болангизни ёшлигидан бирор нарса ўргатишдан қўрқманг. Муҳими унга бу нарса дарсдай эмас, ёқимли машғулотдай бўлсин. Унинг ўзи шу нарсага қизиқсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top