Ассалому алайкум. Мусиқани ёқтирмайдиган аёл топилмаса керак. Ҳаммамиз мусиқанинг у ёки бу турини тинглашни ёқтирамиз. Баъзи аёллар ҳатто бирор бир мусиқий асбобни чалишни ҳам билишади. Бу жуда яхши. Биз кимларнингдир мусиқага эшитиш қобилияти бор кимларникидир йўқ, деб ўйлаймиз. Бу хато. Оналар боламнинг мусиқага қобилияти йўқ, деб ўйлаб адашадилар. Ҳар бир боланинг мусиқа эшитиш қобилияти бўлади. У мусиқани қандай эшитса шундай қабул қилади. Бу унинг мусиқий эшитиш қобилияти борлигидан далолатдир. Масалан она бирор бир ашулани нотўғри куйласа, бола шундай қабул қилиб олади, ва у ҳам куйлайди. Бу унинг хатоси эмас. Бу онасининг хатоси. Нотўғри куйлайдиган оналар яхшиси боласининг олдида куйламагани маъқул.
Агар фарзандингизнинг мусиқий эшитиш қобилиятини оширмоқчи бўлсангиз, унда мусиқага қизиқиш уйғотмоқчи бўлсангиз, чақалоқлигидан бошлаб, унга мусиқа эшиттиринг. Мен буни ўз ҳаётимда синаб кўрганман. Кичик ўғлим мусиқа тинглашни ёқтиради. Бунинг сабаби бор. Унга ҳомилдорлигимда мусиқа тинглашни ёқтирардим. Туғилганидан кейин эса акалари ва опасидан болаларнинг ашулаларини эшитарди. Бир ёшлигида акаларига қўшилиб, уларнинг энг ёқтирган ашуласини ҳиргойи қиларди. Унинг ҳиргойисидан уйимизга келган меҳмонлар ҳам у қандай ашулани айтаётганини билиб олишарди. Кўряпсизми, ҳар бир болада мусиқани эшитиш қобилияти бўлади.
Нега болалар гапиришни ўрганишади, чунки гаплашмасдан мулоқот қилишнинг иложи йўқ.
Бола онаси ёки атрофидагилар билан мулоқот қилиш учун гаплашишни ўрганади. Мусиқа ҳам шундай зарур бўлиши керак. Мусиқа ҳам мулоқот қилиш усули. У турли ёшдаги одамларга ва халқларга тўғри келади. Бола ўз тилини доимий эшитгани учун ўрганиб олади. Мусиқа ҳам унинг ҳаётида шундай ўринни эгаллаши керак.
Бунда шундай савол туғилади бола қандай мусиқани тинглаши керак? Болага қайси мусиқа ёқса шу мусиқани қўйиб беринг. Баъзи болалар классик мусиқаларни ёқтиради, бошқаларига эстрада йўналишидаги мусиқалар ёқади. Энг яхшиси болаларбоп мусиқаларни танлаб қўйиб беринг. Шундан бошлаган маъқул.
Болангизга ёшлигидан турли китоблар ўқиб беринг, биргаликда расмлар чизинг, музейларга, томошаларга боринг, биргаликда бирор бир мусиқий асбобни чалинг ёки тингланг, бу боланинг таассуротини бойитади ва унинг ақлий фаолиятига яхши таъсир кўрсатади.
Бола қанча кўп кўрса, эшитса шунча тез қабул қилади ва унинг диди ва қобилияти ўсади.
Агар болангиз бирор бир машғулот билан шуғулланишни истаса, унга имконият яратиб беринг. Қизингиз кимнингдир рақс тўгарагига бораётганини эшитиб, мен ҳам бораман, деса унинг хоҳишини бўғиб қўйманг. Ëки ўғлингиз: «Мен ҳам пианино чалишни ўрганаман», деса унинг истагини амалга оширинг. Бунинг учун иложим йўқ, деманг. Камроқ кўйлак кийинг, бўёқларингизга камроқ ҳаражат қилинг, аммо фарзандингизнинг бу истагини амалга оширинг. Баъзи оналар фарзандларини мусиқага қизиқтиролмай овора бўладилар, сизнинг фарзандингиз эса ўзи истаяпти. Бу сизнинг ютуғингиз. Келажакда у сиздан миннатдор бўлади.