Ассалому алайкум, қадрли оналар. Мен Лола сизлар билан қизиқ бир нарсани бўлишишни истайман. Она зоти фарзандининг яхши, комил инсон бўлиб етишишини истайди. Бу йўлда у фарзанди комил инсон бўлиши учун нима қилишни лозим топса, шуни фарзандига ўргатади. Баъзи оналар, фарзандининг кучли, соғлом бўлишини истаганлари учун ҳам фарзандларини турли спорт тўгаракларига берадилар. Баъзи оналар эса фарзандларини келажакда илмли, ақлли бўлишларини орзу қилиб, турли фан тўгаракларига қатнаштирадилар. Масалан, математика, физика, инглиз тили ва ҳокозо. Бошқалар эса фарзандини эстетик комил инсон бўлиб етишишини, санъат соҳасида ўзига яраша ўрнини топишини истаб, бирор бир мусиқа асбобини ўргатадилар.
Оналарнинг фарзандлари орқали бундай иш қилишларига нима сабаб? Бунинг жавоби оддий. Оналар ўз фарзандлари орқали болаликда эришмаган орзуларига эришмоқчи бўладилар. «Ўзим эриша олмадим, энди фарзандим шуни ўргансин», — дейишади. Оналар дейишимизга сабаб, кўпинча болаларни тўгаракларга олиб борадиган, уларнинг тарбияси билан шуғулланадиган ҳам айнан оналардир. Худди шу масалада оналар баъзан қаттиқ янглишадилар. Баъзи болалар балки бораётган тўгаракларини чиндан ҳам ёқтирар, баъзилари эса ундай эмас. Фақат онасининг қистови билангина боради ва ўрганади. Бу хато. Бола борадиган тўгарагига ўзи қизиқиши, ростдан ҳам ўрганишни исташи керак.
Бунинг учун нима қилиш лозим, деган савол туғилади. Кўпчилик оналар фарзандлари шу тўгаракка қизиқиши учун кўп нарсалар қилишади. Бироқ бир Япон мусиқашуносининг фикрича болангизни скрипка чалишини истасангиз, уни скрипка дарсларига олиб келинг. Дастлаб бола дарсларга қатнашмасин, шунчаки томоша қилсин. Ўз қатори болаларнинг скрипка чалаётганларини эшитсин, кузатсин. Уларнинг қандай ўрганаётганларини, қийинчиликларини, хатоларини кўрсин, мусиқасини тингласин. Кейин эса бу бола ўзи шу асбобни чалиб кўришга қизиқиб қолади. Бола қачонки, «Мен ҳам чалишни истайман», деса ўшанда бола дарсга қабул қилиниши керак. Шундагина бола скрипка чалиш йўлидаги қийинчиликларни енгиб ўтади.
Бу япон скипкачиси Сузукининг фикри. Бу усулни фақат мусиқага эмас, бошқа тўгаракларга ҳам қўллаш мумкин. Масалан тил ўрганишга Қандай тўгарак, бўлмасин, боланинг қизиқиши билан бошланиши керак. Скрипкадан таълим беришда Сузукининг яна бир янгича, бошқаларга ўхшамайдиган бир усули бор. У болаларга бир мусиқани ўргатгач, шуни қайта-қайта чалишни буюради. Бола бу мусиқани ўрганиб олгандан кейин ҳам бошқасига ўтмай, ўрганган нарсасини чалдиради. Бола ўрганган нарсасини қийналмай, осонгина чалиб бераверади. Бунинг натижасида бола аввал, ноталарга қараб, қийналиб, хато қилиб чалган бўлса, кейинги такрорлашлар натижасида бемалол, ўз ҳис туйғуларини қўшиб, худди ўзи яратгандай қилиб чалади. Бу эса болага завқ бағишлайди. Ўзига бўлган ишончини орттиради. Мусиқани ўрганиш йўлидаги қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёрлайди. Бу мусиқа йўлидаги бир усул ҳолос. Яна айтаман бу усулни сиз бошқа нарсаларга ҳам қўллашингиз мумкин. Муҳими ўша машғулот болангиз учун севимли бўлсин. Азиз оналар агар таълим-тарбия борасидаги мавзулар билан танишмоқчи бўлсангиз бизнинг www.najot.com сайтимизга киринг.