3:00

Юсуф ва акалари 01

MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар, бугунги кундаги кексалар, оталаримиз қанчалик Худо олдидаги вазифасини тушуниб етади? Янада ойдинлик киритмоқчи бўлсак, кекса авлод, оталаримиз қанчалик Парвардигорни билишади?

Эгам ҳақидаги уларнинг тасаввурлари, фикрлари қандай? Шу каби саволлар бизга ҳар томонлама ўрнак бўлишга ва Ҳақ Таоло ҳақида ўргатишга чақирилган кексаларни ўйлантириши лозим.

Камина асло кексаларга бир нима ўргатишга журъат этмайди. Лекин, баъзан умрининг охирги лаҳзаларини яшаётган баъзи бир кексаларнинг спиртли ичимлик ичишини эшитиб энсаси қотади одамнинг.

“Бунинг сабаби нимада?” — деб савол беришга тўла ҳақлимиз. Халқимизда шундай нотўғри фикр бор. Айниқса ёш авлод, дуо қилмаяпсизми, рўза тутмаяпсизми, деб сўрасангиз, шундай жавоб беради.

“Э, ҳали ёшман, ҳозир ўйнаб кулиб қолишим керак. Кексайганимда рўза тутсам, дуо қилсам ҳам етади”, каби жавобни эшитамиз. Лекин, кексалик ҳам кўз очиб юмгунча келиб қолади.

Қарабсизки, у инсонда умуман тажриба йўқ дуо қилишга, рўза тутишга. Кўникмаган. Руҳий ҳаёт шаклланмаган. Кексаларда руҳий ҳаётни топиш қийин бўлса, уларда Худога сажда ва дуо қилиш тажрибаси бўлмаса, ёш авлод кимдан ўрганади?

Бизнинг қаҳрамонимиз эса тажрибага эга бўлган. Ёқуб Худо билан муносабат қилган. Кексайиб қолган Ёқуб фарзандларига Парвардигор ҳақида айтишга тажрибаси, билими ва донолиги етарли инсон бўлган.

Ана шу кексалик вақтида Ёқубнинг яхши кўрган хотини Роҳиладан Юсуф ва Бенямин исмли ўғиллар туғилади. Бенямин туғилгандан кейин унинг суюкли хотини Роҳила оламдан кўз юмади.

Юсуф исми “орадан кўтарилиш” ҳамда “қўшиш, орттириш”, “Бенямин” исми эса “Ўнг Қўлим” деган маънони англатади. Бундан ташқари, Ёқубнинг хотинлари Леаҳ, Билҳа ва Зилпадан туғилган ўғиллари бўлади. Унинг жами бўлиб ўн иккита ўғли бўлади.

Ёқуб ўн иккита ўғилдан кўпроқ Юсуфни яхши кўрарди. Ёқуб Юсуфга ўзгача меҳр кўрсатар, бу эса бошқа ўғилларнинг ғашини келтирарди. Ёқубнинг ота сифатида бошқа ўғилларидан кўра Юсуфни яхши кўриши унинг қилаётган жиддий хатолардан бири бўлган. Чунки Юсуфнинг оға-инилари унга нисбатан ғазаби кундан –кунга ортиб бораверди. Албатта, Юсуфнинг акаларида унга нисбатан нафратни кўришимиз аниқ. Лекин, Юсуфнинг акалари ўз отасига нисбатан қандай фикрда бўлганлар? Отасига очиқ айта олмасаларда, уларда отасига нисбатан норозилик туйғуси пайдо бўлган. Лекин хавфли томони шундаки, Ёқубнинг Юсуфга бўлган эътибори туфайли акалари билан очиқкўнгил Юсуф ўртасида жарлик тобора чуқурлашиб бораверди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top