Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Ёши катта одамлар ўзларининг яқинларига нисбатан ўлимга тайёрроқ турадилар. Ҳаётидан мамнун бўлган кексалар ўлимдан қўрқмайдилар. Ўлим ҳаётнинг сўнги нуқтаси, табиий интиҳосидир. Биз кўпинча хатога йўл қўйиб ўлаётган одамни катта сарф-
харажатларга қарамай, иложи борича кўпроқ ушлаб туришга ҳаракат қиламиз. Кўпинча бу холат беморнинг ва оиласининг кўп азоб чекишига ва асабийлашишларига олиб келади. Кўп ҳолларда „яхшироқ шифокор”, „мўъжизавий дори”ни изламасдан, ўлаётган одам билан яқинлашиш ва унинг дардига малҳам бўлиб руҳини кўтариш кўп хайрли ишдир.
Сиз у билан ўтказган яхши ва ёмон вақтларингиздан, бирга кечирган қувончли ва ташвишли кунларингиздан мамнун ва сиз ундан рози эканлигингизни ва ўлимини кўтара олишингизни айтинг. Охирги соатларда яхши дорилардан кўра унга сизнинг меҳрингиз ва розилигингиз керакдир. Ошини ошаб, ёшини яшаб ўтган инсонлар охири боши ёстиққа ётиб, қайта турмаслиги аниқроқ бўлиб қолганида самимият билан унга меҳрибончилик кўрсатиш, умрининг сўнги дамларини бошдан
кечираётган инсонга сизнинг самимиятингиз билан мурувватингиз,
меҳрибонлик қилишингиз ҳар қандай доридан кўра яхшидир.
Қари ёки бедаво дардга йўлиққан сурункали касал одамлар касалхонада эмас, уйда, оиласи билан бўлишни хоҳлайдилар. Бу эса беморнинг ўз ўлимини сезаётганидан нишонадир. Биз бундай кишиларнинг ҳиссиёти ва эхтиёжларини сезиб, ўзимизникидек қабул қилишимиз керак. Ўлаётган одам ўз ҳаётини узайтириш учун оиласи қарзга ботаётганлигини ва оч қолишлигини ўйлаб азобланади. Бемор
унинг ўлишига рухсат беришларини сўрайди, баъзан, бу энг оқил фикрдир. Баъзи одамлар ўлимдан қўрқадилар. Улар азоб чексалар ҳам бу дунёни ташлаб кетишни хоҳламайдилар. Ўлим ва ўлимдан кейинги ҳаёт тўғрисида ўз тушунчалари ҳар бир халқнинг ўзига яраша мавжуд. Бундай ғоя ва тушунчалар, фикр, ишонч ва
анъаналар ўлимни осонлаштириши мумкин.
Ўлим бирдан ва кутилмаганда келиши ёки анчадан бери кутилаётган бўлиши ҳам мумкин. Меҳримизни берган одамнинг ўлимга тайёрланишига ва ўлимни хотиржамлик билан қарши олишига бизнинг ёрдам беришимиз жуда мушкул. Кўпинча, биз бундай ҳолларда таскин бериш, меҳрибончилик кўрсатиш ва унинг ҳолини тушунишимизни билдиришдан ўзга ҳеч нарса қила олмаймиз. Ёш одам ёки боланинг ўлими оғирдир. Лекин бунда ҳам меҳрибончилик ва очиқ
кўнгиллик жуда муҳим. Бола, кўпинча ўлаётганини қисман танасидаги сезгилар ва қисман атрофидагиларнинг саросимаси ва тушкунлигидан сезади. Ана шундай
дамларда ўлаётган одамга, у қарими ёки ёшми, хотиржамлик билан тасалли беринг, унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилинг. Унга айтмоқчи бўлган сўзларингизни меҳрибонлик билан айтинг. Керак бўлса йиғланг ва уни жуда яхши кўришингизни
билдиринг. Бу унга куч бағишлайди. Биз ҳаммамиз бир кун келиб ўламиз. Шифокорнинг асосий мақсади ўладиганларга ўлимни хотиржамлик билан қарши олишига ва ҳаёт қолганларнинг эса азобини енгиллатишга ёрдам беришдан
иборатдир. Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.