Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Одам вужудининг ниҳоятда мураккаб аъзоларидан бири юрак эканлиги ҳаммага маълум. Юрак-томир касалликлари кейинги 25-35 йил ичида анча «ёшарганлиги» шифокорларни ташвишга солмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юрак-томир хасталиги инсоннинг ўз саломатлигига эътиборсиз, то дард авж олиб, безовта қилмагунича, бепарво юриши ачинарли ҳолдир. Юрак-қон томир касалликлари орасида миокард инфаркти тўсатдан рўй берадиган энг оғир ва хавфли касаллик ҳисобланади.
У коронар қон айланишининг бузилиши натижасида юрак мушагининг бир ёки бир қанча қисми нобуд бўлиб, юрак фаолияти издан чиқиб, кўпроқ 40-60 яшар эркакларда учраши кузатилган. Аёлларда одатда унча кўп овқат емаслиги, кўп ҳаракат, меҳнат қилиши, спиртли ичимликлар ичмаслиги, тамаки, нос чекмасликлари сабабли миокард инфаркти эркакларга нисбатан 2-3 марта кам учраши аникланган. Миокард инфарктининг ривожланишига хафақон касаллиги, қандли диабет, семириб кетиш, кам ҳаракат қилиш, руҳий кечинмалар, кашандалик, алкоголизм ва бошқалар сабаб бўлиши исботланган.
Олимларнинг таъкидлашича, миокард инфаркти асосан толиқиш, асабланиш, хавотирланиш каби салбий таъсир этувчи омиллар натижасида пайдо бўлиб, улар орасида руҳий стресс, ҳаддан ташқари жисмоний ва ақлий зўриқиш етакчи ўринни эгаллайди. Статистик маълумотларга кўра, 60 фоиз бемор миокард инфаркти ривожланишидан олдин узоқ вақтгача жуда қаттиқ изтироб чеккан, 30 фоиз бемор узоқ вақт зўриқиб ишлаш натижасида қаттиқ чарчаган ва 10 фоизи эса турли сабабларга кўра бу дардга мубтало бўлган. Миокард инфарқтининг асосий белгилари кўкрак қафасининг маркази ғижимлаб, ачишиб оғрийди ва у кўпинча юқорига, ўнгга, чап қўлга ёки иккала қўлга, орқага, пастки жағ соҳасига тарқалиб, ҳаво етишмайди. Оғриқ бир неча соат, баъзан ҳатто бир неча сутка давом этади ва бўшашиш, муздек тер босиши, ўлим ваҳимаси, ҳансираш ва юрак фаолиятининг бузилиши, аксинча, оғриқ руҳий бузилишлар билан кечиши кузатилади.
Агар бемор уйда даволанаётган бўлса, уни албатта шифокор назорати остида даволаш тавсия этилади. Касалликнинг ўткир даврида бемор тинч ётиши, ҳаракат қилмаслиги керак. Касалликнинг биринчи кунидан бошлаб шифокор томонидан тиклаш терапияси олиб борилиши лозим. Бемор кайфиятини кўтариш, унинг руҳий тушкунликка тушишига йўл қўймаслик, тузалишига ишонч ҳосил қилдириш керак.
Қариндошуруғлари кўргани келганда беморни суҳбат билан толиқтирмаслик, нохуш хабарлар билан ҳаяжонлантирмаслик лозим. Бемор касалхонадан чиққандан сўнг шифокор назорати остида даволанишни давом эттириб, кундалик тартибот қатъий белгиланиши лозим. Уйқу 7 соатдан кам бўлмаслиги зарур. Ярим соатдан бошланган тоза ҳавода сайр қилиш муддати аста-секин 2 соатгача узайтирилиб, кескин ҳаракат қилиш, совуқ ҳавода тез юриш оғриқ хуружининг қайталанишига олиб келиши мумкин. Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.