3:04

Иш жинниси 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Агар ёдингизда бўлса, ўтган сафар ҳаддан ташқари кўп ишлайдиган аёллар ва уларнинг ҳолатлари ҳақида гаплашган эдик. Албатта меъёридан ортиқ ишлаш, киши саломатлигига, оиласидаги муҳитга, муносабатларига салбий таъсир кўрсатади. Энг ёмони бу Худога ҳам ёқмайди. Нега дейсизми? Чунки бизнинг танамиз Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Бу маъбадни тоза ва покиза, соғлом қилиб сақлаш бизнинг бурчимиз.

Яқинда дугоналарими билан шу нарса ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Суҳбат жуда қизиқ ўтди. Ҳар биримиздан турли фикрлар, тавсиялар чиқар экан. Йўлимиз охирлаб, тарқалиш вақти келганини ҳам сезмай қолибмиз. Дугоналаримдан бири шундай деди. Мен эса унинг гапига мутлақо қўшиламан. Яратувчимиз бизни уни улуғлашимиз учун яратган экан, биз қилаётган ишларимиз, гап-сўзларимиз, ҳатти-ҳаракатларимиз, бутун борлиғимиз билан уни улуғлашимиз керак. Фақат яхши ишлар қилиш, ёки гап сўзларимиз эмас, танамиз ҳақида у истагандек қайғуришимиз ҳам уни улуғлашга киради. Мен ўтган сафар сизларга Худонинг соғлом бўлиш ва танамиз ҳақида қайғуришига тўғри келадиган маслаҳатларини тинглайсиз деб ваъда берган эдим. Бугун ваъдамнинг устида чиқаман. Сиз Эски Ахд китобидаги Дониёр ва унинг дўстлари ҳақида ўқиганмисиз? Асосий нуқтага етгунча шу ҳикояни бошидан қисқача айтиб ўтаман. Дониёр пайғамбар ва унинг дўстлари бошқа яҳудийлар билан Бобилликларнинг асирига айланишади. Бобил давлати Исроилни босиб олгач, кучли, ишга яроқли кишиларни асир қилиб олиб кетади. Уларнинг орасидан ёш, кучга тўлган йигитларни танлаб олиб, шоҳ дастурхонидан олинган таомлар билан озиқлантириш буюрилади. Дониёр ва унинг дўстлари эса шоҳ дастурхонидан таом ейишдан воз кечишади. Нега дейсизми? Мана энди суҳбатимизнинг асосий нуқтасига келдик.

Дониёр ва дўстлари бу иш учун маъсул бўлган кишига таом ва шаробдан ичмасликларини маълум қилишади. Масъул киши эса, агар белгиланган вақтда шоҳ истаган кўринишда бўлишмаса, шоҳ уни қатл қилишини айтиб, уларни кўндиришга ҳаракат қилади. Шунда Дониёр: «Сиз бизга фақат сабзавот ва ичишга сув беринг. Қолганини ўзингиз кўрасиз. Ҳеч ҳам қўрқманг.» Улар ҳар куни сабзавот еб сув ичишди. Белгиланган муддат келиб шоҳ ҳамма йигитларни саройга чақирди. Дониёр ва унинг дўстлари шароб ичиб гўшт еган йигитлардан кўра кўркамроқ ва соғломроқ кўринарди. Шоҳ саройда хизмат қилиш учун уларни олиб қолади.

Хулоса шуки, ҳатто Калом орқали Худо ҳам бизга танамиз учун нима нарсалар фойдали эканини айтмоқда. Биз эса танамизни булғайдиган, заҳарлайдиган нарсаларни истеъмол қиламиз. Ҳаддан ташқари ишга берилиб кетиб, толиқтирамиз, Натижада эса асабий, кучсиз, бошқалар билан муносабат қиломайдиган, ҳадиксирайдиган, тез-тез касалга чалинадиган бўлиб қоламиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар биз шу аҳволда юрсак, қандай қилиб Худони улуғлай оламиз. Агар меъёрни унутсак, вақтида дам олмасак ва тўғри овқатланмасак, қандай қилиб ўз ишимизни биздан кутишганидек бажара оламиз? Шундай муаммолар келиб чиқмаслиги учун ҳар бир ишни ўз меъёри билан бажаришга одатланинг. Вақтида ухлаб, вақтида ишланг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top