Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.
Эй севикли биродарларим, Худо бизга бундай улуғ ваъдаларни берган экан, бадан ва руҳимизни булғовчи ҳар қандай мурдорликдан ўзимизни тозалаб, Худодан қўрқиб яшаб, бутунлай муқаддас бўлайлик. Қалбингиздан бизларга жой беринглар. Биз ҳеч кимга озор бермадик, ҳеч кимга зиён келтирмадик, ҳеч кимдан манфаат кўзламадик. Сизларга таъна қилиб айтмаяпман. Чунки олдин ҳам айтганимдек, ўлишми, қолишми, сизлар бизнинг дилимиздасизлар. Сизларга ишончим комил, ифтихорим катта. Қайғу-аламларимиз қанча бўлмасин, менинг дилим тасаллига тўлиб-тошади, беҳад севинаман. Ҳатто Македонияга келганимиздан кейин ҳам танамизга ҳеч қандай роҳат тополмадик, аксинча, ҳар томонлама сиқилган эдик: ташқаридан ҳужумлар, кўнгилда қўрқувлар бор эди. Лекин тушкунларга тасалли берувчи Худо Титусни ёнимизга юбориб, бизни овунтирди. Биз Титуснинг келгани билангина эмас, балки у сизлардан топган тасалли ҳақида эшитиш билан ҳам юпаниб қолдик.
Титус мен учун бўлган қаттиқ соғинчингиз, тортган оҳларингиз, кўрсатган зўр ғайратингиз ҳақида бизга хабар бергандан кейин, янада кўпроқ севиндим.
Шу сабабдан, мактубим билан сизларни хафа қилган бўлсам ҳам, афсусланмайман. Гарчи олдин у мактубдан қисқа бир муддат сизлар хафа бўлиб, мен пушаймон қилган бўлсам-да, энди севиняпман. Хафа бўлганингиздан эмас, балки хафагарчилик сизларни тавбага келтиргани учун севиняпман. Ҳа, сиз азбаройи Худо хафа бўлдингизлар, шунинг учун биздан ҳеч қандай зарар кўрмадингизлар. Азбаройи Худо келадиган хафагарчилик ўкинтирмайди, аксинча, одамларни тавбага келтириб, нажот топишига имкон яратади. Дунёда бўладиган хафагарчилик эса фақат ўлимни келтириб чиқаради. Қаранглар, айнан шу сабабли, яъни сизга Худо тақдир этган хафагарчилик сабабли ўзингизни оқлаш учун сизларда қандай ғайрат пайдо бўлди, қандай ғазаб, қандай қўрқув, қандай соғинч, қандай жонбозлик, қандай адолатпарварлик ҳосил бўлди! Ана шуларнинг ҳаммаси билан ўзингизни ҳалолладингизлар. Ҳар ҳолда, менинг сизларга мактуб ёзишимдан мақсад айбловчи ёки айбланувчини белгилаш эмас, балки Худонинг ҳузурида сизлар биз учун қандай ихлосманд эканингизни эслатиш эди. Шу йўсин биз тасалли топдик (2Кор. 7).
Азизлар, хафачилик ҳақида гап кетар экан, уни қандай қилиб қувончиликка ёки хурссандчиликка айлантириш мумкин деган саволни келиб чиқиши табиийдир. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, хафачилигингиз қандай бўлмасин, каттами ё кичикми, чуқурми ёки арзимасми, қандай бўлмасин, хафачиликни қувончга айлантиришнинг ягона йўли, бу кечиримдир. Айнан кечирим, барча хафачилик деворларини бузиб ташловчи Худодан берилган амалдир. Нима учун кечиришимиз керак? Чунки айнан кечирим беролсак, шундагина озод бўламиз, ва шундагина, хафачилигимиз қувончга айланади. Биз ҳам шундай кечиримни бошимиздан ўтказганмиз. Қандай кечирим дейсизми? Айнан, хазрати Исонинг хочдаги ўлими ва тирилиши орқали биз Худо олдида қилган гуноҳларимиз учун кечирим олганмиз. Кечирим бериш базан қийин ва ноилож туюлиши мумкин, лекин, Худонинг ёрдами билан, бунинг уддасидан чиқсак бўлади. Чунки, Худонинг Ўзи ҳам кечирувчи Осмондаги Отамиздир. Кечиримли бўлинг! Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.