Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Бир қуни устоз олдига каттагина завод эгаси келди: Устоз, менинг маҳсулотимга харидор кўпроқ пул тўлаши учун уни қандай қилиб мажбурлашим мумкин? — Нима учун тўласин? — сўради устоз. Шогирд устозга заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳақида гапириб берди. Устоз уни диққат билан тинглар экан, яна сўради: Нима учун тўлаши керак? Шогирд ўйланиб қолди, сўнг устозга миннатдорчилик билдириб кетди. Уч ойдан кейин шогирд яна устоз ёнига келди ва деди: Сизга кўп раҳмат, устоз! Сизнинг гапларингиздан кейин мен харидорлар билан суҳбатлашдим ва мен муҳим деб билган маҳсулотим сифати уларни умуман қизиқтирмас экан. Шунда мен харидорларга керакли бўлган томонини қолдирган тарзда маҳсулотимни ўзгартирдим, ҳатто уни мукаммаллаштирдим. Маҳсулот мен учун аввалгисидан арзонга тушди, уларни олдингисидан икки баравар қиммат сотяпман, сизга ташаккур, устоз! Бу — Савдо йўли. Бу — бизнес йўли, — деди устоз.
Устоз яшайдиган ва машғулот олиб борадиган ерга савдо назарияси бўйича китоб ёзган машҳур бир инсон келибди. Талабалар устоздан ўша машҳур киши билан учрашиш ё учрашмаслигини сўрабдилар. Устоз шогирдларининг саволига шундай жавоб берибди: Нима учун учрашишим керак? Бизнинг йўлларимиз бутунлай бошқа-бошқа, у кеча нимага эришган бўлса бугун шу ҳақда китоб ёзади. Мен бугун бизнес йўлида англаган ва билган ҳамма нарса ўзгармасдир, у эса ҳамиша ўзгариб туради. Шундай қилиб, устоз шогирдларига ҳеч қандай назария, ҳеч қандай китоб уларнинг Бизнес йўлларини англашнинг ўрнини босолмаслигини таъкидлади.
Устоз умрининг охиригача бизнес йўли ҳақидаги ўз нуқтаи назарини ўзгартирмади.
Кўплаб нашриётлар, муаллифлар у ҳакда китоб ёзишни таклиф этдилар, лекин устоз бизнес, савдо ҳақида китоб нашр этиш таклифини рад этди: «Мен ҳали бунга тайёр эмасман», — деб жавоб берди устоз. Бир куни устоз ёнига янги шогирд келиб ундан сўради: Устоз, мен атиги бир ҳафта сиздан сабоқ олдим, лекин баъзи талабаларнинг бу мактабда ўн йиллардан буён таҳсил олаётганларини эшитиб жуда ажабландим. Наҳотки сотишни билиш учун ҳақиқатан шунча йил ўқиш керак бўлса?
Улар сотишни ўрганишмайди, — кулиб жавоб берди устоз. — Улар савдони, бизнесни англайдилар. — Ахир бу иккиси бир нарса эмасми? Масалан, сен ўз хонангда чироқ ёқишни биласанми? — сўради устоз.
Албатта, биламан, — таажжубланди янги шогирд. Чироқни ўчиришни ҳам биласанми? — яна сўради Устоз. –Ҳа. Демак, хонангда ёруғликнинг бўлиши сенга боғлиқ, шундайми? Бўлмасамчи, — устознинг фикрига қўшилди шогирд. Шунда устоз дераза ёнига борди ва пардани сурди, кун энди тиккага келган вақт эди.
— Чироқ тугмачасини босгинчи… — устоз шогирдига қараб жилмайди.
Шу тариқа устоз янги шогирдига сотишни билиш ёки сотишни ўрганиш ва бизнес йўли моҳиятини англаб етиш умуман бошқа-бошқа эканини тушунтирди.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.