MP3

“Сен Менга топширган вазифани Мен адо этиб, ер юзида Сени улуғладим. Дунё яратилишидан аввал Мен Сенинг ҳузурингда улуғвор эдим. Энди, эй Ота, Ўз ҳузурингдаги ўша улуғворликни Менга тағин ато қилгин. Сен дунёдан Менга берган одамларга Сенинг исмингни изҳор қилдим. Улар Сеники эдилар ва Сен уларни Менга бердинг. Улар эса Сенинг каломингга амал қилдилар. Улар энди тушуниб олдилар: Сен Менга нима берган бўлсанг, ҳаммаси Сендан экан. Менга берган каломларингни уларга топширдим. Улар эса каломларингни қабул қилиб, Мен Сенинг ҳузурингдан чиққанлигимни чинакамига тушундилар, Мени Сен юборганингга ишондилар. Мен улар учун сўрайман; дунё учун эмас, балки Менга берганларинг учун сўрайман. Чунки улар Сеникидир.

Зотан Меники бўлган ҳамма – Сеники, Сеники эса – Меникидир. Шу тариқа Менинг улуғворлигим улар орқали зоҳир бўлади” (Юҳ 17). Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Фараз қилайлик, бордию сиз эртага ўлишингизни билиб қолдингиз? Яшаб ўтган ҳаётингизга нисбатан қандай хулоса қилган бўлар эдингиз? Қилган хулосангизда чуқур ва абадий маънони хис этган бўлармидингиз? Тепадаги оятни ўқир эканмиз, Раббимиз Исо ўша кечада айнан шундай чуқур ва абадий туйғуларни бошидан кечирганини сезиш мумкин. Раббимиз, ушбу оятларни айтар экан, ўлими яқин эканини билган эди. Чунки, Унинг ўлими ва муқаддас қонининг тўкилиши юз йиллар мобайнида, кўпгина пайғамбарлар орқали башорат қилинган эди. Шунда ҳам, у Худога ибодат қилиб, шогирдлари учун Худодан илтижо қилади.

Юҳанно хушҳабаридаги хазратимиз Исонинг ибодатини ўқир эканмиз, У эришаётган натижаларидан фахрланганини ва Худонинг режасини амалга ошираётганидан мамнун ва бундан фахрланганини кўриш мумкин. Унинг шогирдларига қилган ваъзидан кейин айтган ибодати, Унинг 33 йил ерда яшаб ўтган ҳаётининг хулосасига ўхшарди. Ўттиз йил онасининг уйида дурадгорлик қилиб, қолган уч йилни эса Худонинг хизматида ўтказади. Ушбу сўнги уч йилда у кўпгина ишни бажара олган. Яхудия ва Жалиланинг тоғли йўлларидан юриб У ваъзлар ўқиди, одамларга шифо берди, далда берди, Унга эргашганларга ёрдам берди ва ниҳоят кўпгина мўжизалар кўрсатиб одамларга умид бағишларди. Чиндан ҳам, Раббимизнинг ибодатини ўқир эканмиз, “Сен Менга топширган вазифани Мен адо этиб, ер юзида Сени улуғладим” деган сўзларини ўқиб хайратда қоласан. Чиндан ҳам, Раббимиз Исо Отасининг топширган ишини аъло даражада бажариб келаётган эди. Ушбу ибодатни, хазрати Исо хочдаги ўлимидан олдин айтган бўлса ҳам, У Худонинг буюк нажот режасини амалга оширишини ва хочда жон беришини ҳам жуда яхши билар эди. У қаерга кетаётганини, яқин орада нималар кутётганини, қандай натижа бўлишини, хуллас хаммасини олдиндан билган эди. Шунинг учун, У айниқса шогирдлари имонда маҳкам туришлари учун доим ибодат қилиб келган. Хазрати Исо илоҳий табиатга ва катта қудратга эга бўлишига қарамасдан, доим ибодат қилиб келган. Ундай бўлса, биз унданда ибодатга мухтождирмиз. Ибодат қилишда сира тўхтаманг. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top