3:23

Ўлим, ҳаёт олиб келадиган кун

MP3

“Сизларга ростини айтай: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради. Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонини аямаса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади. Агар ким Менга хизмат қилса, Менинг изимдан юрсин. Мен қаерда бўлсам, хизматчим ҳам у ерда бўлади. Ким Менга хизмат қилса, Отам уни ҳурмат қилади. Энди эса юрагим сиқиляпти, Мен нима ҳам десам экан? „Эй Отам, Мени ушбу вақт-соатдан қутқаз” дейми? Ваҳоланки, мен шу вақт-соат учун келганман. Эй Ота, Ўз номингни улуғлагин! Исо шундай дейиши биланоқ осмондан: – Мен уни улуғлаганман ва бундан кейин ҳам улуғлайман, – деган садо келди. У ерда турган омма буни эшитиб, момақалдироқ деб ўйлади” (Юҳ 12). Салом азизлар.

Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Раббимиз Исо, Унинг ўлими Худонинг улуғворлигини одамларга намоён қилишини биларди. Ва бу улуғворликка олиб борадиган ягона йўл эса, хоч эди. Ибронийларга йўлланган мактубни ўқир эканмиз, у ердаги бир оятга кўзингиз тушиши шубҳасиз. “Имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи Исога кўз тикайлик. У Ўзини кутаётган шодлик учун шармандаликни менсимай, хоч азоб-уқубатига чидади. Ҳозир эса У Арши Аълонинг ўнг томонида ўтирмоқда. Исо гуноҳкорлар томонидан қаттиқ қаршиликка учраб, сабр-тоқат қилди. Сизлар шу ҳақда фикр қилинг, токи тинкангиз қуриб, руҳингиз тушиб кетмасин” (Ибр 12). Айнан, Унинг хочдаги ўлими Худонинг буюк нажот режасини амалга оширди. Ерга тушган уруғ ўлмагунича, у хосил бермайди.

Ерга тушган уруғ ўлмаса, у ёлғизларча ерда ётаверади. Айнан ўлим, янги ҳаёт олиб келиб, уни кўпайтиради. Хазрати Исо ердаги улуғворликдан воз кечиб, Ўзини паст олиб, барчага қул бўлди. Лекин, Унинг бундай итоаткорлиги, улуғворликка олиб келгани шубҳасиздир. Биз ҳам, ибодат қилаётганимизда, нима учун дунёга келганимизни, Худонинг бизга бўлган режаси амалга ошишига диққат эътиборимизни қаратиб ибодат қилишимиз керак. Биз ҳам, ибодат қилаётганимизда, “Худойим, вақти соати келди! Бу дунёнинг васвасаларига мубтало бўлиб, ушбу гуноҳкор дунёдан завқт олиб яшашни ўрнига, Сенинг иродангни бажо келтириш вақти соати келди!” деб айтишимиз керак. Хаммасининг ўз вақти соати бор. Лекин бир куни, барчамиз шундай хулосага келишимиз муқаррар.

Биз ёки бу дунёга хизмат қиламиз, ёки Худо биз орқали буюк ишларни амалга ошириши учун бел боғлаймиз. Танлов бизнинг қўлимиздадир. Ушбу алдамчи дунё, ўзининг вақтинчалик хурсандчиликларими ёки Худонинг абадий нажот ва севгисими? Хазрати Исо айтганидек, одам икки хўжайинга бирдек хизмат қила олмайди. Шунингдек, биз ҳам, бирданига дунёга ҳам, Худога ҳам бирдек хизмат қила олмаймиз. Хўш, сизнинг танловингиз қандай бўлади? Ёки, эртадан шу ҳақда фикр қилиб, янги ҳаётингизни бошлайсизми? Менимча, энг тўғри йўл, бу бугун! Бугун ҳам у ёқда турсин, айнан хозир энг қулай вақт. Чунки, эртанги кун хали берилмаган, бугунги кунни эса, Худо сизга бериб бўлди. Фурсатни қўлдан бой берманг. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top