3:33

Муаммо нимада?

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Хаётимиз ажойибдир. Нима учун ажойиб экан? Чунки, бу хаётни бизга Худойимиз берган. Айнан, Ўша Зот димоғимизга ҳаёт нафасини пуфлаган. Айнан Ўша Зот бизга чексиз севгисини кўрсатиб ягона Ўғлини хочга юборди. Уни қабул қилганлар бахтиёрдир, Уни қабул қилганлар оқ киймга кийингандир. Унга умид боғлаганлар нобуд бўлмас, аксинча, абадий ҳаётга эга бўладилар. Лекин, шунда ҳам, атрофимиздаги кўпгина яқинларимиз, ака-ука ва опа-сингилларимиз нимадандир сиқиладилар. Улардан, “Нима бўлди?” деб сўрасангиз, улар кўпинча ҳаётдаги муаммолар, доимий тарзда давом этувчи турмуш қийинчиликлари ҳақида сўзлашади. Энг қизиғи шундаки, кўпчилик ўз муаммолари ҳақида гапирганда, ҳаётларидаги пул ва маблағнинг етмаслиги ҳақида сўзлайди.

Чиндан ҳам шундаймикан? Сиз қандай фикрдасиз? Агар пул танқислиги чиндан ҳам ҳаётимизда энг долзарб муаммо бўладиган бўлса, демак, кўпроқ пул ишлашни бошласак, унда муаммолар ўз-ўзи билан йўқ бўлиб кетади, шундайми? Сиз ҳам шундай фикрдамисиз? Ундан чиқдики, пул бўлганда биз бахтиёрмиз, пулимиз бўлмаганида эса, бахтсизмиз. Пул бўлганда қуёш чарақлайди, пул бўлмаганида эса ҳаёт зерикарлидир. Пул бўлганида, биз сергапмиз, пул йўқлигида жиммиз. Чиндан ҳам шундаймикан? Наҳотки, бизнинг юриш-туришимиз чўнатагимиздаги пул миқдорига боғлиқ бўлса? Наҳотки, барчаси пулга тақалса? Наҳотки, пулимиз кўпайиб қолса, олам гулистонга айланиб қолар?

Атрофингизга назар ташланг, чиндан ҳам, кўпчилик пулсиз қийналади. Йўқчилик балоси кўпчиликни ҳаётга бўлган умидини сўндиради. Ҳаётнинг қизиғи қолмагандай туюлади. Лекин бундай фикрлаш ҳақиқатга тўғри келмайди. Бундай фикрлаш Худонинг ҳақиқатига, Унинг нажотга элтувчи йўлига қаршидир. Бундай фикрлаш бизни Худонинг севгисидан узоқлаштиради. Ҳазинамиз қаерда бўлса, юрагимиз ҳам ўша ердадир. Хамма гап шундаки, биз Худо ҳақида, қанча кам фикрласак, пул ҳақида кўпроқ ўйлаймиз. Унга қанча кам умид қилсак, кўпроқ пулга умид қилишни бошлар эканмиз. Худодан қанча узоқлашсак, пул топиш истаги тобора ошиб бораверар экан. Каломда, «Бинобарин, сизга шуни айтаман: нима еб, нима ичамиз, деб жонингиз учун, нима киямиз, деб танингиз учун ташвишланиб юрманглар. Жон овқатдан, тан эса кийимдан афзал эмасми? Кўкда учувчи қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, самовий Отангиз уларнинг ризқини беради. Сиз эса улардан анча аълороқ эмасмисиз? Сизлардан ким ташвишланиб, ўз умрини бир лаҳза бўлсин узайтира олар экан? Нега кийим учун ташвишланасизлар? Даштдаги пиёзгулларнинг қандай ўсишига қараб, ибрат олинглар: улар на меҳнат қилар, на чарх йигирар. Аммо сизларга айтиб қўяй: ҳатто подшоҳ Сулаймон ҳам ўзининг шуҳрат чўққисида буларнинг ҳеч биридай кийинмаган эди. Агар Худо бугун бор бўлиб, эртага ўчоққа отиладиган дашт ўтига шундай зеб берган бўлса, сизни ундан кам кўрармиди, эй имони сустлар?! Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. Мажусийлар ҳадеб буларнинг ғамида юришади. Лекин самовий Отангиз сиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку! Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади. Бинобарин, эртаги кун ҳақида ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг дарди ўзига етар». (Матто 6)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top