Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. «Ибодат қилаётганингизда, одамларга кўриниш учун ибодатхоналарда ва кўча бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадиган иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Сизларга чинини айтайин: улар ўзларига ярашасини олиб бўлдилар. Сен эса ибодат қилаётганингда ўз ҳужрангга кир ва эшикни беркитиб, яширин бўлган Отангга ибодат қил. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи Отанг сени аниқ тақдирлайди. Ибодат қилаётганингизда, мажусийлар каби ортиқча сўзларни такрорлаб турманглар. Улар: кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар. Уларга ўхшаманглар, чунки Отангиз нималарга муҳтожлигингизни Ундан сўрашингиздан олдин билади. Сизлар эса бундай ибодат қилинглар: Бизнинг осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас исминг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин. Бугунги ризқ-рўзимизни бергин.
Бизга гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин. Бизни васвасага дучор қилмагин, Аммо ёвуз шайтондан халос қилгин.
Салтанат, куч-қудрат ва шон-шуҳрат то абад Сеникидир. Деярли барчамиз хазрати Исонинг ушбу ибодатини эшитганмиз. Раббимизнинг ушбу машҳур ибодати Матто ва Луқо хушхабарларида келтирилгандир. Хазрати Исо яхудийлар билан кўпроқ арамий тилининг джалила диалектида сўзлашган. Ушбу ибодатни ҳам, шогирдларига айтаётганида айнан шу тилдан фойдаланган. Лекин, ўша тилда ёзилган асл нусхалар бизларгача етиб келмаган. Бизга етиб келган ушбу ибодат қадимий юнон тилининг “койне” диалектида ёзилган. Хушхабарни ўрганар эканмиз, у ерда ушбу ибодатнинг икки шаклга эга эканини кўриш мумкин. Масалан, Матто баён этган хушхабарда Раббимизнинг ибодати кенгроқ, узунроқ ва батафсилроқ келтирилган. Луқо баён этган хушхабарда эса, у қисқароқ келтирилган.
Иккала хушхабарда ушбу ибодат хар хил вазиятларда айтилганини ҳам кўриш мумкин. Масалан, Маттонинг хушхабарида ушбу ибодат “Исонинг тоғдаги ваъзи” пайтида айтилгани яққол кўриниб туради. Луқо баён этган хушхабарда эса, ушбу ибодат айнан шогирдларининг илтимоси билан айтилган ибодати эди. Матто хушхабарида келтирилган ибодат масиҳий дунёсининг энг машҳур ибодатига айлангандир. Нафақат машҳур, балки энг асосий ибодатларнинг бирига айланган. Луқо ва Матто хушхабарларидаги ушбу ибодатнинг асосий ва кўзга ташланадиган фарқи шундан иборатки, Матто хушхабаридаги ибодатнинг сўнгида, Луқо хушхабарига нисбатан “Салтанат, куч-қудрат ва шон-шуҳрат то абад Сеникидир” – деган ибора билан фарқланади.
Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.