2:56

Хушбўй бўлиш сири

MP3

Дунё косметологиясида машхур бўлганлардан бири америкалик Эсте Лаудер, атирни «кўринмас косметика» деб атаган экан.

Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳар бир косметикани ишлатишнинг ўз қоидалари бор. Атирларни ишлатиш учун эса киши уни ишлатишнинг бир неча сирларини билиши керак. Қандай сирлар дейсизми? Суҳбатимизни эшитишда давом этинг. Биринчи сир:

Ҳеч қачон атирни тоза бўлмаган терига сепманг. Атирни фақат душдан чиққандан кейин сепинг. Шунда терингиз атирни ўзига яхши сингдиради ва муаттар ҳид таратади.

Атирни сепгандан кўра уни бир неча томчилаб суртиш яхшироқ. Суртганда ҳам вена томирлари ўтган ойга суриш керак. Бу жойда тери илиқ бўлади. Бу ҳарорат атирингизнинг ҳидини тезда тарқатади. Бу билакларингиз букилган жой, бўйин четидаги икки чуқурча, ва қулоқларингизнинг орқаси. Ўша ерларда атирнинг хушбўй ҳиди узоқ вақт сақланади. Ҳеч қачон атирни терига ишқалаб суртманг. Бу унинг ҳидига салбий таъсир қилади. Шунчаки текизиб қўйиш етарли.

Агар кийимларингиздан ҳам севган атирингиз ҳиди келиб туришини истасангиз, ҳеч қачон кийимга атирни тўғридан тўғри сепманг, ёки суртманг. Акс ҳолда кийимингизда доғлар пайдо бўлади. Яхшиси, сиз атирни кийимингизнинг чокли жойига, ёки бўлмаса елкадаги ёстиқчаларга сепинг. Шунда ҳамма кийимларингиз ёқимли ҳид таратади.

Ҳар доим бир хил ҳиддан фойдаланиш модага тўғри келмайди. Иложи борича, атирларингизни тез-тез алмаштириб туринг. Эрталаб суртган атирингизнинг ҳиди унчалик ўткир бўлмаслиги, аксинча енгил ва мулойим ҳидли бўлиши лозим. Кечқурун эса, душ қабул қилганингиздан сўнг суртган атирингизнинг ҳиди, тўйинган ва сирли бўлсин. Шунда кундузги ва тунги атирларингиз сизга алоҳида ўзгача гўзаллик ва сирлилик бағишлайди. Мутаҳассислар атирларнинг ҳидини 4-6 соатга етадиган қилиб ишлаб чиқаришади. Атирлар хушбўйлиги жиҳатидан тўрт турга бўлинади. Агар атир сотиб олишдан олдин идишларига қарасангиз уларда шундай ёзув борлигини кўрасиз: parfum, eau de parfum, eau de toilette ва ниҳоят эркакларимиз ишлатадиган одеколон.

Атирларни дуч келган жойда сақлаб бўлмайди. Уларни қоронғи жойда, қопқоғи маҳкам ёпилган ҳолда бирор бир оғзи ёпиқ идишнинг ичида сақлаган мағқул. Шунда атир таркибидаги спирт секинроқ учиб кетади.

Мумкин қадар ўзингизда турли ҳидларни жамламасликка ҳаракат қилинг. Яхшиси ишлатадиган гигиеник воситаларингизни бир хил ҳидли қилиб олганингиз маъқул. Душдан сўнг суриладиган тана креми, қўл креми ва ниҳоят дуҳингиз ҳидлари ҳаммаси бир хил бўлса жуда зўр бўларди.

Ва ниҳоят охирги сир. Ҳар бир нарсанинг меъёри бўлганидай, атир сепишнинг ҳам ўз меъёри бор. Ишлатадиган атирингиз қанчалик қимматбаҳо бўлмасин, агар уни меъёридан ортиқча суртиб юборсангиз, атрофдагилар унинг ҳидига чидай олишмайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top