3:26

Имонлининг кечиримли бўлиши

MP3

Салом азизлар. Ҳозирги замонда одамлар “истаган нарсаларини қилишлари мумкинлиги” ҳақида кўп гапирадилар. Ҳокимиятни тан олишни хоҳламайдиган бугунги жамиятимизда кўпчилик “нима қилиш кераклигини ўзим яхши биламан”, деган тушунча билан яшайди. Аммо инсон Худонинг топшириғини якка ўзи бажара олмайди, чунки бу кўпчиликнинг ҳаракати билан амалга ошириладиган иш. Бу топшириқни фақатгина якдил бўлган имонли биродарлар билан бирга бажариш мумкин. Шогирдлар орасида якка моховларга ўрин йўқ, шогирд ҳеч қачон: “Агар менинг айтганим бўлмаса, мен ўйиндан чиқаман,” — деб айта олмайди.

Бир ёш йигит менга шундай деган эди: “Мен Худога қулоқ соламан, лекин одамлардан бирон нарса ўрганишни истамайман.” Ўзини шундай тутган одам, ўзини ўзи алдаб яшайди. Нега десангиз, Худо ўз иродасини билдириш учун кўпинча ёнимиздаги одамларни ишлатади. Ҳа, Худо садоқатли одамларни қидиради. Бундай одамлар гуруҳнинг манфаати учун ўз ғояларидан воз кечишга тайёр бўлади.

Ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзган эди: “Биз Худони севмаган эдик, У бизни севди ва Ўз Ўғлини гуноҳларимизни ювиш учун қурбонлик қилиб юборди. Ана, бу муҳаббатдир!” (1Юҳанно 4:10). Художўй бўлиш — Худога ўхшаш бўлиш демакдир. Худога ўхшаш бўлиш — одамларни яхши кўриш демакдир, чунки Худо одамларни севади. Хазрати Исо одамларни, деб инсоният тарихига қадам босди. У инсониятни қутқариш учун келган эди. Хушхабарнинг мағзи ҳам шундадир. Устоз одамларнинг ҳаётида иштирок этади. Садоқатли одам инсониятни яхши кўради.

Ибронийларга мактуб муаллифи бизларни шундай деб огоҳлантиради: “Эҳтиёт бўлинглар, тағин Худонинг иноятидан маҳрум бўлиб қолманглар. Ораларингизда аччиқ илдиз ўсишига йўл қўйманглар, акс ҳолда унинг заҳри муаммолар туғдириб, кўпларни ҳаром қилади.” (Ибронийларга 12:15). Бу парчада бировни койиш ва бировдан гап эшитиш ҳақидаги вазият назарда тутилган. Бирор бир одамнинг камчилиги унинг юзига айтилганда, кўпинча бу одам хафа бўлиб қолади. Бундай вазиятда у шундай деб ўйлайди: “Унинг ўзи ким бўлибдики, менинг гуноҳларимни юзимга солади?! Кўзимдаги зирапчани олиб ташлашидан олдин, ўз кўзидаги ходани чиқариб олмайдими?!” Мен ёш масиҳий бўлган пайтимда бу оят ҳақида ваъз эшитган эдим. Ўшанда ён дафтаримга шундай деб ёзиб қўйган эдим: “Аччиқлик ҳисси одамда рўй берган ёки шунчаки хаёлдан ўтган ҳақорат натижасида пайдо бўлади. Бунга қайси бири сабаб бўлгани муҳим эмас.” Кимдир ҳақиқатан ҳам сиздан фойдаланиб, сизни алдаган бўлиши мумкин, ёки шунчаки орада тушунмовчилик бўлиб, у мени алдади, деб ўйлашингиз мумкин. Мана шу иккита ҳолатнинг қайси бирига тушган бўлсангиз ҳам, эҳтиёт бўлинг. Кўнглигнизда ўша одамга нисбатан аччиқ адоват илдизи томир отишига йўл қўйманг. Донишманд бир авлиё шундай деган эди: “Биров ҳаётимни барбод қилишига асло йўл қўймайман. Қолаверса, бунинг учун ўша одамга қарши асло кек сақламайман.” Аччиқ илдизнинг ўниб–ўсишига бир неча ҳолат сабаб бўлиши мумкин: ўзингизни бировларга солиштирганингизда, ёҳуд бошқа масиҳий билан мулоқотда тушунмовчилик юз берганда, ёки сизда “мени алдашди”, деган ҳис пайдо бўлганда. Ҳар қандай бошқа гуноҳга қараганда, хафагарчилик ва кек сақлаш имонлиларни масиҳийча ҳаётда карахт қилиб қўяди. Садоқатли масиҳий дилида кек сақламайди. У юрагини кекдан асрайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top