Салом азизлар. Дунё кучлари одамзоднинг такдирини белгиламайди. Иқтисодиёт, сиёсат ва маърифат раҳнамолари унинг келажагини танламайдилар. Худонинг айтишича, энг буюк халқлар ҳам челакдаги бир томчи сувдайдир, тарози палласидаги чанг кабидирлар. Ҳамма нарсани Худонинг Ўзи бошқариб туради.
Наҳотки билмайсан? Наҳотки эшитмагансан? Эгамизнинг Ўзи абадий Худо–ку!
Бутун оламни У яратган–ку! У чарчамайди, ҳолдан тоймайди, Унинг донолигини билиб бўлмайди. (Ишаё 40:28)
Худо ҳеч қачон чарчамайди, Унинг янги фикрлари тугамайди. Ҳар қандай вазиятда нима қилишни ва қаерга боришни билади. У баркамол Худодир ва ҳамма нарсани назорат қилиб туради. У ҳеч қачон хатога йўл қўймайди. Агар биз шунга ишонсак кўп муаммоларимиз ўз ўзидан ечим топади. Фақат иккитагина шахс сизга зарар етказиши мумкин бу — сиз ва Худо. Шайтон сизга ҳеч қандай зарар етказа олмайди. Буни сиз Аюб китобида яққол кўришингиз мумкин. Аюб китобининг 1–бобида биз Худо билан шайтон орасидаги суҳбатни ўқиймиз. Ўша суҳбат давомида шайтон Худога шундай дейди: “Сен Аюбнинг хонадонини, ўзини, бор нарсасини ҳимоя қиласан–ку!” Ҳақиқатан ҳам Худо ҳар бир фарзандини ҳимоя қилади. Худонинг рухсатисиз шайтон унга қўлини ҳам теккиза олмайди. Худо бизга фақат яхшиликни раво кўради, бу — Муқаддас Китобдаги энг яхши хабардир. У бизга зарар етказмоқчи эмас. У биз ҳақимизда фақат яхши нарсаларни ўйлайди. Ҳар биримизга энг юксак яхшиликни ният қилади. У бизга зарар етказа олмайди ва шу томондан Ўзини чеклаб қўйган, зотан У бизга берган Ўз ваъдаларига содиқдир. Демак, сизни хонавайрон қила оладиган сизнинг ўзингиздир, бошқа ҳеч ким эмас. Худо изн бермаса бошқа биров сизга зарар етказа олмайди. Агар шундай бўлмаганида эди, Худо тақдирларимизни тўлиқ назорат қила олмаган бўларди. Худо тиззасини муштлаб: “Ишқилиб бу хизматкоримни машина уриб кетмасайди ёки самолётда ҳалок бўлмасайди” — деб осмонда ўтирмайди. Уни бундай ҳолда тасаввур қилишимизнинг ўзи телбаликдир. Сиздан бошқа ҳеч ким ҳаётингизни барбод қила олмайди. Муқаддас Китобдаги таълимотга кўра, инсон ўз ҳаётига ўзи зомин бўлади. Сизнинг энг ашаддий душманингиз — сизнинг ўзингиздир. Борди–ю сиз Худонинг эзгулигига ишониб, Унга итоат этсангиз, ҳеч ким ҳаётингизни барбод қила олмайди. Ҳеч ким сизни Худонинг комил хоҳиш–иродасидан қайтара олмайди.
Эгам айтар: “Мана Менинг қулим, Ўзим уни қўллаб–қувватлайман. Мен Ўзим уни танлаганман. Ундан жуда мамнунман. Мен унга Ўз руҳимни бердим, У элатларга адолат келтиради. У бақир–чақир қилмайди, қаттиқ гапирмайди, Кўчаларда овозини баланд кўтармайди. Эзилган қамишни синдирмайди, Тутаётган пиликни ўчирмайди,
Содиқ бўлиб, адолат келтиради. Ер юзида адолат ўрнатмагунча У ҳолдан тоймайди,
Унинг жасорати сўнмайди. Денгиз ортидаги юртлар Унинг йўл–йўриқларини кутади.” (Ишаё 42:1–4)
Бу парча — Исо Масиҳ ҳақидаги каромат бўлган. “Ҳукм қилиш ҳуқуқини Отам Худо Менга берган” — деб айтади Исо (Юҳанно 5:22–23). У доим виждонан иш тутиб, адолатли ҳукм қилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, У дунёнинг фосиқлигидан тушкунликка тушмайди, толиқмайди. Бизнинг Худойимиз Ўз ҳукми билан “Ер” деб номланган бу сайёрамизда ҳақиқатни ўрнатади. Омон бўлинг, азизлар.