Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугун сизлар билан ишонч ҳақида суҳбатлашишни маъқул кўрдик, зеро бу масала бугунги кунда имонлилар юрагидаги долзарб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Агар кўп йиллардан бери имонли бўлиб келсангиз-у, аммо ҳаётингиз ўзгармаган бўлса, ёки ҳали ҳам ҳақиқий ишонч қандайлигини билмасангиз, у ҳолда нима қилиш керак? Бунинг ечими бор. Хурсанд бўлинг, сиз ёлғиз эмассиз. Бизни тингланг ва ҳақиқий Исо Масиҳ биздан кутган ишонч қандайлигини билиб олинг. Муқаддас Каломда шундай оят бор: “Исо кўлнинг нариги қирғоғига, Гадара шаҳрининг яқинига етиб борди. Шунда жинга чалинган икки одам қабрлар орасидан югуриб чиқиб, Исони қаршилашди. Улар шунчалик ваҳший эдиларки, биронта одам у ердан ўта олмасди. Улар шундай деб бақиришди: — Эй Худонинг Ўғли! Бизни тинч қўй! Сен бизга вақтидан олдин азоб бергани бу ерга келдингми?”
Narrator 2 Кўрдингизми, Исо Масиҳнинг Масиҳ, Раб, Худонинг Ўғли ва Қурбонлик Қўзиси эканлигини ҳатто жинлар ҳам билади. Хўш, сизнинг ишончингиз билан жинларнинг ишончи орасида қандай фарқ бор? Агар Муқаддас Каломда ёзилган имонга эга бўлмасангиз, Осмон Шоҳлигига киролмайсиз. Сиз, “Мен ишонаман,” деганингизда, Унинг Масиҳ, Раббий, бу оламга қутқариш учун келган Қутқарувчи эканлиги ҳақидаги фактга ишонган бўласиз. Имонга эга бўлиш учун билимнинг бўлгани яхши аммо у етарли эмас. Нега Муқаддас Каломда Исо Масиҳ “Мени “Ё Раббий, ё Раббий!” деб чақирган ҳар ким Осмон Шоҳлигига киравермайди. У ерга фақат осмондаги Отамнинг иродасини бажарган одамларгина киради”, деганини энди англадингизми? Сиз, “Ие, Мен шунча пайтдан бери ишониб келаётганимга қарамай, Осмон Шоҳлигига кирмайманми?”, дейсиз. Бу имонингиз қандайлигига боғлиқ.
Narrator 1 Агар сиз фақат фактларга ишонсангиз ва ишончингиз фақат билимдан иборат бўлса, унда шошилинг. Имонингиз ҳаракатга келсин. Агар тил назариясига қарайдиган бўлсак, “ишонч” сўзи от сўз туркумига киради. Аммо мен сизга айтаманки, руҳий жиҳатдан бу сўз ҳаракатни билдиради. Агар чиндан ҳам ўзингиз айтганингиздек, Исо Масиҳни сизнинг гуноҳларингиз учун ўлиб тирилганига ишонсангиз ва Уни Нажоткорингиз, деб қабул қилган бўлсангиз, унда ҳаётингизда нимадир ўзгариши керак. Чунки ишонч ҳаракатга келади. У ҳаракат қилиш дегани. Агар Янги Аҳд китобларини ўқиган бўлсангиз, одамлар Исо Масиҳга ишонганларидан кейин, албатта қандайдир иш бўлган. Масалан, ғайрияҳудий бўлган бир аёлнинг ишончи натижасини кўринг. Исо Масиҳ у аёл ортидан келаётганини биларди. Шунда Исо: — Эй аёл, сенинг ишончинг буюк!…Майли, сен истаганингдай бўлсин. Шу заҳоти аёлнинг қизи соғайиб қолди.”
Narrator 2 Кўрдингизми, ишонч ҳаракатга келтиради. Агар ишонсангиз, Худонинг иродаси ҳаётингизда амал қила бошлайди. Бироқ, “Худо, Сенинг қудратингга, менга фақат яхшилик тилашингга ишонаман, аммо ҳаётимни ўзим бошқараман”, десангиз, Худога бўлган ишончингиз билимдан бошқа нарса эмас. Хўш, чин дилдан ишонган ёки ишонмаганликни қандай билса бўлади? Исо Масиҳ шундай дейди: “Менга ишонган биронта одам зулматда қолмасин, деб Мен дунёга нур бўлиб келдим.” Демак, Унга чин дилдан ишонган одам, қоронғуликда эмас, нурда юради. Ҳаётингизни, ишларингизни тафтиш қилинг, агар у ерда қоронғуликнинг ишларини кўрсангиз ва шундай яшаш сизга маъқул бўлаётган бўлса, демак, ишончингизни таҳлил қилиб кўришингиз керак. Худо ҳаётингизнинг бир қисми эмас, унинг ўзи бўлиши керак. У ҳаётингизни бутунлай эгаллашига қўйиб беринг.