Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Инсон қиладиган амаллари билан гўзал, деган бўлардиму, аммо унинг қалби гўзал бўлмаса, қилган амали унга ёрдам берармикан? Хуллас, сезиб турганингиздек, бугунги суҳбатимиз ҳайрли ишлар ҳақида бўлади. Хўш, хайрли иш қилишнинг нимаси ёмон дерсиз? Албатта ёмон эмас. Аксинча бу яхши. Аммо хайрли ишнинг манбаи тўғри ва пок бўлиши керак. Агар ҳаётингизга диққат қилиб қарасангиз ҳар бир қилаётган ишингизни қилишга туртки берадиган сабаби бор. Айнан ўша сабаб қандай бўлиши кераклигини бугун кўриб чиқамиз. Икки одам охират ҳақида суҳбатлашиб қолишса, бири қилган хайрли ишлари сабаб жаннатга боражагини айтибди. Иккинчиси эса, мен Раббим Исо Масиҳ менинг гуноҳларим учун аллақачон тўлов тўлаганига ва мени хочда қутқарганига ишонаман, шунинг учун албатта ўлгач, Худо билан бирга бўламан, дебди. Хўш, уларнинг қай бири тўғри йўлдан кетаяпти?
Narrator 2 Келинг, энг аввало хайрли ишларга эътибор қаратайлик. Инсон бу дунёга келибдики, ёмонлик билан, гуноҳ билан курашади, аммо истаймизми, йўқми гуноҳ қиламиз. Чунки биз гуноҳкор табиат билан туғилганмиз. Бу гуноҳкор табиатни фақатгина Худованд енга олади. Гуноҳкор табиатли инсон буни енгишга, ўзгартиришга ва янгилашга қодир эмас. Гуноҳ устидан бутун инсоният тарихида биргина Исо Масиҳ ғолиб бўлган. У гуноҳсиз бўла туриб, бир марта ҳамманинг гуноҳи учун хочда азоб чекди ва гуноҳ тўловини тўлади. Энди эса, Худо Уни мен учун хочга юборди, У менинг гуноҳларим учун тўлов тўлади, деб ишонган ҳар бир одамнинг гуноҳлари кечирилади ва Худо ваъда қилганидек, янги ҳаётга эга бўлади. Бундай одамнинг руҳи янгиланади. Бундан кейинги ҳаётида Муқаддас Руҳ унга етакчилик қилади. Мана шундай ҳолатдагина инсон гуноҳни Худонинг ёрдами ва бошқаруви билан енга олади.
Narrator 1 Бундай одам ўлимдан ҳаётга ўтгани учун, ҳукм қилинмайди. Масиҳнинг қони уни оқлади. Худо уни пок ва солиҳ деб эълон қилди. Энди Худонинг ҳузури ва жаннат дарвозаси унинг учун очиқ. Аммо инсон ўз кучи ва яхши ишлари билан бундай қилолмайди. Жаннатга эриша олмайди. Кўпчилик агар охиратда хайрли ишларим ёмонликларимдан кўп чиқса, мени жаннатга олишади, деб ўйлайди. Биринчидан, инсоннинг ҳаётида қилган биргина гуноҳи ҳам Худо учун жирканчли ва бу учун инсон тўлов тўлаши керак. Иккинчидан, инсоннинг қилган хайрли ишлари ҳам Худо назарида жирканчдир. Чунки гуноҳкор табиатнинг қилган яхшилиги қандай ҳам бўларди. Бундан ташқари, Худованд қадимги пайғамбарлар орқали шундай деган, “…Яхши ишларимизнинг ҳаммаси ҳайз латталари кабидир.” Бизнинг қилган яхши ишларимиз ҳам гуноҳларимизни енгиш учун етарли эмас. Ундай бўлса нима қиламиз?
Narrator 2 Муқаддас Каломда яна шундай ёзилган, “Биз қаноат ҳосил қилдикки, инсон қонун талабларини бажо қилиш орқали эмас, балки имон орқали оқланади.” Яна, “Ахир, сизлар Худодан иноят топиб, имон орқали нажот топгансиз. Бу Худонинг инъомидир, сизнинг ютуғингиз эмас. Яна ҳеч ким: “Мен савоб ишларим туфайли қутулганман”, деб мақтанмасин. Ахир биз Худонинг ижодимиз. Худо бизни хайрли ишлар қилишимиз учун Исо Масиҳ орқали яратди, бу ишларни биз учун азалданоқ тайёрлаб қўйган эди.” деб ёзилган. Демак, агар сиз фақат жаннатга кириш умидида яхшилик қилаётган бўлсангиз, бу сизни қутқармайди. Бироқ Исо Масиҳга бўлган имонингиз туфайли, Муқаддас Руҳнинг бошқарувида хайрли ишлар қилаётган бўлсангиз, унда бу сизнинг тақдирингиз. Чунки юқорида айтилганидек, Худо бизни хайрли ишлар қилишимиз учун яратди ва бу ишларни биз учун азалданоқ тайёрлаб қўйган.