Ассалому алайкум қадрдонлар. Гуллар ҳар қандай аёлнинг жону дили. Айниқса уларнинг ёқимли ҳиди кишига ҳузур бағишлайди. Турли хил гиёҳларнинг танадаги оғриқни қолдириши, шамоллашдан сақлаши ва шунга ўхшаш фойдали ҳусусиятлари кўп жиҳатдан улардан таралаётган ифорга боғлиқ эканлиги олимлар томонидан аниқланди. Гуллар бу борада энг етакчи ўринда. Биз аёллар турмуш ўртоғимиз бизга гул ҳадя қилишини истаймиз. Ҳар куни бўлса қани эди. Аммо бунинг иложи йўқ. Шундай экан кайфиятимизни кўтаришда, ҳонадонимизни гўзалликка буркашида хонаки гуллар ёрдамга келади. Дархақиқат, хонаки гуллар ҳар қандай чиройли масканга ҳусну кўрк бағишлабгина қолмай, балки ҳаводаги кислород миқдорини ошириши ва хона ичидаги буюмлардан тарқалаётган зарарли токсинларни ўлдириб, ҳаводаги намлик миқдорини бир меъёрда ушлаб туришга хизмат қилади.
Олимларнинг тавсияларига кўра геран ётоқхоналарда ўстирилгани маъқул. Чунки бу гулда инсонни тинчлантирувчи нурларни таратиш хусусияти бор. Айнан герандан таралаётган ҳид асабийлашиш ва уйқусизликни кетказишда самарали таъсир кўрсатар экан. Геран кишига ўрганиб қолган одатларини ташлашда ҳам ёрдам бериши мумкин. масалан, ашаддий кашандалар учун геран энг яхши ёрдамчи эканлигини ҳамма ҳам биладими? Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, сигарета хумори чидаб бўлмас даражага етганда, хонаки геранни бир ҳидлаб олиш муаммони оддий ва осонликча ҳал этар экан.
Алоэ – дарахтсимон кўп йиллик ўсимлик. Доривор хомашё сифатида алоэнинг баргларидан фойдаланилади. Халқ табобатида алоэ баргларидан умумий заифлик, чарчоқ ва бош оғриғини даволашда кенг фойдаланилади.
Жиззаки кишиларга фикуслар тавсия этилади. Бу гуллар ҳаяжонни, жаҳлни бошқаришга ёрдам беради. Шу билан бирга кишига қувват ва ирода бағишлайди. Олиб бораётган фаолиятининг самарали якунланишини таъминлайди.
Бинафша гулини кўпчилик ёқтиради. Бу гул ҳам тинчлантириш хусусиятига эга бўлиб, жаҳлдорлик ёки ўта ҳаяжонланишнинг олдини олади. Бошлиқ олдига киришга қўрқадиган кишиларга ҳам ушбу гулни ҳидлаш, сўнгра ўзида дадиллик сезиб бошлиқ хонасига кириш тавсия этилади.
Ëқимли ҳид кишига осойишталик бахш этади. Ёқимсиз ҳид эса аксинча.
Ëронгул атиршох – гераннинг ҳовлида ўстириш мумкин бўлган тури хисобланади. Уни «хонадон тумори» ҳам дейишади. Негаки у микробларга, пашша ва чивинларга қарши яхши восита саналади. Шу билан бирга у ҳавони тозалаб, чарчоқ ҳиссидан қутулишингизга ёрдам беради. У айни куз фасли ўзидан энг ўткир ҳид таратади.
Кўпчиликнинг севимли гули ҳисобланган хризантема чиройлилиги билан бирга фойдали хусусиятлари биалн ҳам машҳур. У ўз атрофида таралаётган зарарли газларни ютиб, ҳавони тозалаб туради. Унинг бу ҳусусияти кишилар саломатлигига самарали таъсир этади. Ҳаётий фаолиятни яхшилаб, ўзида шижоатни оширмоқчи бўлган кишиларга тетиклаштирувчи гуллар ҳисобланган кала, атиргул ва настарин гулларини ўстириш тавсия этилади. Бу гулларни гулдонга солиб шу хонада дам олсангиз, лоқайдлик ва тушкунлик ҳолати сизни тарк этади.