Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Ҳаётимиз ўтгани сари ўтмишни эслаб, Худо берган қанчадан-қанча имкониятларни қўлдан бой-берганимизни англаймиз. Ҳаётингиз давом этар экан, Худо сизга яна ва яна имкониятларни бераверади. Худо сизга берган имкониятга “Ҳа”, дейишни ўрганинг. Юрагингизда қўрқув бўлса ҳам ўша имкониятни ушлаб қолинг. Сизнинг имкониятларга “Ҳа”, деб жавоб беришингиз сизни қаерларга олиб боришини билмайсиз. Баъзида ҳар кунимиз бир хил ўтаётганга ўхшайди. Аммо шунда ҳам Худога қараб интилишда давом этинг. Баъзи одамлар Худо бераётган имкониятларни кўролмай қолади. Бу имконият ўтиб кетганидан кейингина кўриб қолиши мумкин. Шунинг учун, энг аввало Худодан У берадиган имкониятларни кўра олишингиз учун кўзларингизни очишини сўранг. Шунда У сизни ўз вақтида, керакли пайтда, керакли одамлар билан учраштириб қўяди.
Narrator 2 Ҳар биримиз Худонинг мақсади ичида ўз ўрнимизни топиб олишимиз керак. Шунда Худодан келаётган ҳар бир имкониятга “ҳа” деб жавоб бера оламиз. Баъзида бу имкониятларни қабул қилишимизга ва “ҳа”, деб жавоб беришимизга баъзи нарсалар тўсқинлик қилади. Бу бизнинг яраларимиз. Одам Ато билан Момо Ҳавони тасаввур қилинг. Ҳамма нарса мукаммал эди. Кейин эса гуноҳ кириб келди. Шунда улар нима қилишларини билмай қолди. Чунки уларнинг Худо яратган табиати бу гуноҳни қандай ҳал қилишни ҳам билмасди. Улар гуноҳ кириб келганидан кейин, бундай жирканчли аҳволда нима қилишни билмай қолишди. Шунда нима қилган эди? Улар ўзларининг яланғоч таналарини ёпишди. Бизда ҳам шундай бўлади. Биз ҳам яраланганимизда бу яраларни яширишга, ёпишга ҳаракат қиламиз. Худонинг инояти ва кечиримини қабул қилганимизда, Худонинг олдида уялмай турамиз.
Narrator 1 Худо бизни камчиликларимиз ва гуноҳларимиз билан бирга севади ва қабул қилади. Кимдир бизнинг олдимизга келиб, “Худо сени севади”, деганида сиз қандай жавоб берасиз. “Шундайми, мен эса буни сезмаяпман”, дейсиз. Оддий ҳаётимизга қарасак ҳам кимдир “Вой, устингдаги кийиминг сенга жуда ярашибди”, деса, сиз “Йўғ-ей, бу эски кўйлагим”, деб ўзингизни ёпасиз. Шундай қилиб, биз ўзимизни ўта камтар тутамиз. Шундай камтар тутамизки, ҳатто Худонинг ҳақиқатини қабул қилишни ўтказиб юборамиз. Янги Аҳдда, фаришта Жаброил бокира Марямнинг олдига келиб, “Сен аёллар ичида мубораксан, Худо сенинг ҳаётингда шундай ишлар қилмоқчи”, деганида, “Мен ҳали эр кўрмаган бўлсам, бу қандай бўлади?”, деб сўради. Биз ўзимизни бунга лойиқ эмасдек кўрамиз. Аммо Марям қандай жавоб берганини биласизми? У “Худонинг иродаси бўлсин”, деди.
Narrator 2 У ҳолатини ва вазиятни Худога қўйиб берди. Худо бизга хизмат қилиш учун имконият берганида, бу хизматга лойиқ эмаслигимизни сабаб қилиб келтирамиз. Маслан, менинг оилам имонли эмас, ўзим унчалик яхши одам эмасман, қўлимда маблағим йўқ, соғлиғим яхши эмас, деб баҳоналар қиламиз. Наҳотки, Худо сизнинг ҳолатингизни билмай туриб, шундай имконият бераётган бўлса, наҳотки Худо сизнинг соғлиғингиз қандай эканлигини билмаса? Худованд сиздаги нарсага ишониб эмас, Унинг Ўзига ишониб иш кўрмоқчи. Сиздан ҳам шуни кутади. Сиз умрингизнинг охиригача, Худонинг характерига ишониб ҳаёт кечиринг. Худо сиз қандай бўлсангиз, шундайлигингизча ишлатишни истайди. Камчиликларингизда У Ўз қудратини кўрсатишни истайди. У сиз орқали ишлашни истайди.