Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Қадимда мавжуд бўлган баъзи бир одатларни ўқиб ёки эшитиб ҳайратда қоласан киши. Билсангиз, қадимда Янги Аҳд даврида яҳудийларда оёқ ювиш одати бўлган. Камида уч хил ҳолатда яҳудийларда оёқ ювиш одати амалга оширилган. Диний мақсадга кўра, хонадонда ва тозалик мақсадида. Қадимги Аҳдда руҳонийлар маъбадга киришларидан олдин қўллари ва оёқларини ювишлари талаб этилган. Бу одат руҳий тозаланишнинг рамзи бўлган. Бундан ташқари яҳудийлар синагогаларида ҳам бу одатга катта аҳамият беришади. Чунки улар тез-тез Худонинг Иброҳим пайғамбарга кўрингани ҳақидаги парчани эслашади. “Хизматкорларим келтиришсин, оёқларингизни ювишсин, ўзларингиз дарахтнинг соясида дам олинглар”, деб ёзилган Ибтидо 18 бобда. Бу қадимги яҳудий халқининг меҳмондўстлик одатларидан бири бўлиб, меҳмонларнинг оёқларини ювишган.
Narrator 2 Эҳтимол, уй эгасининг хизматкорлари ёки унинг ўзи ҳам меҳмонларнинг оёқларини ювган бўлишлари мумкин. Юқоридаги Иброҳим пайғамбарнинг фаришталар билан учрашувида, Иброҳим пайғамбарнинг ўзи меҳмонларнинг оёқларини ювган бўлиши ҳам мумкин. Агар яҳудийларнинг бу оёқ ювиш одатларини таҳлил қиладиган бўлсак, мезбонга қадрли ва ўта нозик меҳмон келадиган бўлса, уй эгасининг ўзи, унчалик аҳамиятга эга бўлмаган меҳмоннинг оёғини эса хизматкорлар ювиб қўйган бўлиши эҳтимолга яқинроқ. Оёқ ювиш маросими яна хизмат қилиш маъносини ҳам беради. Забур 59:10 оятда шундай ёзилган, “Мўаб Менинг қўлювгичимдир, Эдом узра чориғимни отаман, Олқишла мени, эй Филистлар!” Бу оятдаги қўлювгич ва чориғимни отаман, сўзлари қўл ва оёқларини ювишга ва ювдиришга тайёр эканлигини кўрсатади. Бундан ташқари, Худованд бу халқларни ҳам Ўзига хизмат қилишга чақираяпти.
Narrator 1 Забур 57:11 оятда шундай ёзилган, “Фосиқдан ўч олинганда, солиҳ севинади, Уларнинг қонида солиҳ оёқларини ювади.” Юқорида айтганимиздек, оёқ ювиш маросими меҳмондўстликнинг бир кўриниши ҳам бўлган. Манбааларга кўра, яҳудийлар ҳар доим меҳмонларнинг оёқларини овқат беришдан олдин ювганлар. Бу иш хизматкорларнинг асосий ишларидан бири бўлиб, улар бу ишдан бўйин товлашлари мумкин эмасди. Яна оёқ ювиш ва хизматкор деган сўзлар худди синонимлардек ишлатилган. Кимнингдир оёғини ювиш ўша одамга бўйсуниш ва хизмат қилиш маъноларини англатгани ҳам аён. Табиийки, оёғини ювдирган одам, оёқ ювган одамдан мавқе жиҳатдан баланд бўлган. Аммо Исо Масиҳ фарзийнинг уйига келгани ҳақидаги ҳикоя ёдингиздами? Унда фарзий Исо Масиҳнинг оёқларини на ўзи ювгани на хизматкорларга ювдиргани ҳақида ёзилган. Сизнингча, Исо Масиҳ унинг бу қилган ишига эътибор қилмаганми?
Narrator 2 Исо Масиҳ ўша даврда, ўша юртда яшаб уларнинг одатларини яхши билар эди-ку! Аммо У бунга ҳафа бўлгани йўқ. Фарзийнинг аҳволини олиб қарайдиган бўлсак, фарзий Масиҳни меҳмонга чақиргани билан Уни ҳурмат қилмаган. У ўзини Масиҳдан ҳам кўра муҳимроқ одам деб ҳисоблаган. Балки, Уни ёмон ният билан чақиргандир?! Ҳар ҳолда Уни чин дилдан меҳмон қилмагани аниқ. Аммо Магдалалик Марям исмли фоҳиша эса Унинг оёқларини кўз ёшлари билан ювиб, сочлари билан артди. Унинг оёқларига хушбўй мой суртиб, ўзи ҳам билмаган ҳолда Масиҳни ўлимга тайёрлади. Фарзий буни ҳақоратли иш деб ҳисоблади. Чунки нафақат фарзийлар балки оддий одамлар ҳам бундай нопок аёлга яқинлашмас, унинг ўзларига тегишларини ҳаром деб ҳисоблар эдилар. Аммо Исо Масиҳ унинг юрагини кўриб турарди. Унинг азобларини, Худога муҳтожлигини ва тавбасини эшитиб турарди. Шунинг учун ҳам бу Уни қувонтирди.