3:31

Сунбула мойи

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Муқаддас Каломдаги Марям ҳикоясини ўқий туриб, у келтирган сунбул мойи қандайлигига қизиқдим. Тарихий манбааларга қараганда бу мой жуда қиммат ҳисобланган. Аслида бу қимматбаҳо мой қандай ва ниманинг мойи? Бу мой ҳақида Сулаймоннинг ажойиб қўшиғи китобида ҳам ёзилган. “Атир мойларинг қанчалик хушбўй! Ёқимли атир каби номинг ҳар тарафга таралар”. Янги Аҳд китобларида ҳам Исога атир мой қуйган аёллар ҳақида ёзилган. “Исо Байтания қишлоғида тери касаллигига чалинган Шимўннинг уйида меҳмон бўлиб ўтирган эди. Шунда бир аёл ганчдан ясалган идишда тоза, қимматбаҳо сунбул мойи олиб келди. Идишни синдириб, мойни Исонинг бошидан қуйди.” Бу мойнинг ҳушбўй ҳиди эфир мойиникидек жуда ўткир бўлиб, суртган жойингиздан узоқ вақтгача ҳиди келиб турган. Маълумотларга кўра, бу мойдан тиббиётда ҳам фойдаланилган.

Narrator 2 Манбааларда келтирилишича, бу мой ҳинд, Валерианадошлар оиласига мансуб ўсимлик бўлиб, фақат Химолой тоғларида ўсади. Ўсимликнинг томиридан олинадиган мой қадимда жуда қадрланган. Қадимги яҳудий урф одатларига кўра, кимнингдир оиласидаги бу энг яхши ва энг қимматбаҳо нарса эди. Бизнинг кунимизда эса бу энг яхши ва энг қимматбаҳо “Тиффани олмоси”га тенг бўлса керак. Сунбул мойининг ўзига ҳос ифори бўлгани учун бу кимгадир тақдим қилиниши мумкин бўлган энг яхши нарса эди. Сулаймоннинг қўшиқлари китобида бу икки ошиқ қалбнинг бир бирига бўлган муҳаббати рамзи эди. Юҳанно 12 бобда ҳам бу мой ҳақида шундай ёзилган, “Шу пайт Марям бир шиша тоза сунбулдан ишланган қимматбаҳо атир мойини олиб келиб, Исонинг оёқларига суртди, сўнг сочлари билан артди. Уй атир мойининг хушбўй ҳидига тўлиб кетди.”

Narrator 1 Айтишларига қараганда бу мой, Марямнинг сепига аталган ёки унинг меросдан улуши бўлган. У эса бисотидаги борини, энг яхшисини Исо Масиҳнинг бошига ва оёқларига суртиб, Уни ўлимга тайёрлади. Марямнинг қилган бу совғаси бизни ҳам ўйлантириб қўяди. У бу мойни Исо Масиҳнинг бошига, оёқларига суртиш билан Унга бўлган чексиз миннатдорчилигини, севгиси ва ҳурматини изҳор қилган эди. Яна Марямнинг Исо Масиҳнинг бошидан мой қуйгани ҳақидаги ҳикояга қайтадиган бўлсак, у ердан яна бу мойнинг қанчалик даражада қимматбаҳо бўлганини билиш мумкин. “Исонинг шогирдларидан бири, Унга хиёнат қиладиган Яҳудо Ишқариёт деди: — Бу мойни уч юз кумуш тангага сотиб, камбағалларга бўлиб берса бўлмасмиди?!” “Исо шундай деди: — Аёлни тинч қўйинглар! Зотан, у Мени дафн кунимга тайёрлади.” Фақат Исо Масиҳ Ўзининг нима деётганини яхши тушунарди.

Narrator 2 Фақат У ўшанда Марямнинг қанчалик ажойиб иш қилганини қадрларди. Ўлими яқинлигини билиш, дунё пайдо бўлгандан бери йиғилиб келаётган одамларнинг гуноҳлари ва Исо Масиҳдан кейин ҳам келадиган одамларнинг гуноҳлари учун Худонинг ғазабига дош бериш, Худо билан айрилиққа дош бериш осон эмасди. Бу Унинг учун озгина далда бўлган бўлса ажаб эмас. Энди бу мойнинг қай даражада қимматбаҳолиги масаласига қайтайлик. Манбааларга кўра, бир динор ўша пайтда бир кишининг бир кунлик иш ҳаққи бўлган. Агар Каломда ёзилганига қарайдиган бўлсак, бу мойни 300 динорга сотиш мумкин эди. Бир кичкинагина ганч идишдаги мой 300 динор турган бўлса, демак кимнингдир 300 кунлик, деярли бир йиллик иш ҳақи бўлган. Бугунги кунда бир кунлик иш ҳаққини ўртача 60 минг деб ҳисобласак, унинг нархи тахминан 18 миллион бўлади. Марям Исо Масиҳга мана шундай қимматбаҳо мойни лойиқ кўрди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top