Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Муқаддас Каломни варақлаб кўрсангиз, унда ёзилган бир-биридан ажойиб ҳаётингизни ўзгартириб юборадиган ҳикояларда ўтмишнинг, Исо Масиҳ давридаги одамларнинг яшаш тарзи ва одатлари бизникига нақадар ўхшашлигини кўрасиз. Келинг, шулардан бир нечтасини кўриб чиқамиз. Энг аввало мотам тутиш одати. Агар диққат қилиб кузатган бўлсангиз, Ўрта Осиё ва Шарқ давлатларида мотам маросими деярли бир хил. Яхудийларда ҳам кимдир қазо қилса, бир неча кун йиғлаб мотам тутиш одат бўлган. Бизда ҳам мотам кунида тазия изҳор қилиш учун борсангиз, аёлларнинг дод солиб, айтиб йиғлаётганини кўрасиз. Мен авваллари айтиб йиғлаш одати фақат бизда бўлса керак, деб ўйлардим. Аммо яҳудийларда ҳам шундай бўлган экан. Улар ҳам ўша хонадонда ўлим бўлганлигини яқин атрофдаги қўшниларга билдириш учун баланд овозда айтиб-айтиб йиғлашган экан.
Narrator 2 Баъзи ҳолларда айтиб йиғлайдиган махсус аёлларни ёллашган экан. Мотам бир неча кун давом этишига қарамай, айтиб йиғлаш ўлим содир бўлган пайтдан то уни қабрга қўйгунча давом этган. Кийим йиртиш одати. Ие, шунақа одат ҳам бўлар эканми, деб ҳайрон қоласиз. Албатта қадимги яҳудийларда бу одат минглаб йиллар олдин бошланиб, Исо Масиҳ давригача ҳам давом этган. Бу одат инсоннинг ғам-қайғуси қанчалик юқори эканлигини кўрсатган. Бу кўпинча оилада яқин бир одами ўлганда қайғу чекканида бажарилган одат. Масалан, Муқаддас Каломнинг Ибтидо китобига қарайдиган бўлсак, унда шундай ёзилган, “Ёқуб Юсуфнинг чопонини таниди. — Э–воҳ! Бу ўғлимнинг чопони–ку! Уни бирорта ёввойи ҳайвон еган! Юсуф ўғлим тилка–пора бўлган!” Ёки шоҳ ва пайғамбар Довуд ва унинг одамлари ҳам кийимларини йиртгани ҳақида ёзилганини эшитинг, “Довуд бу гапни эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди.
Narrator 1 Бошқалар ҳам шундай қилдилар. Шоул ва унинг ўғли Йўнатан, Эгамизнинг лашкари — Исроил халқидан кўпчилиги жангда ҳалок бўлган эдилар. Шунинг учун ҳаммалари оқшомгача аза тутиб фарёд қилдилар, рўза тутдилар”. Бу кийим йиртиш одати ўликни қабрга қўйиш олдидан бажарилган бўлиб, бу одат мотам одатининг кейинги қисмига, яъни ўликни қабрга қўйиш қисмига ўтиш вақтини билдирарди. Кийимларни йиртиш муқаддас ғазабнинг бир кўриниши бўлган. Исо Масиҳ шаккокликда айбланганида ҳам фарзийлар кийимларини йиртишган эди. Ҳаворий Павлус билан Барнабо бутпарастлар уларга сажда қилишмоқчи бўлганида кийимларини йиртишган эди. Шу йўл билан улар бутпарастларнинг қилмоқчи бўлган ишларидан қайтаришган эди. Кул ва жулга ўраниш – Буниси энди нимаси, дейсизми? Бу ҳам қайғу ва – алам чекишнинг яна бир кўриниши.
Narrator 2 Жул — бу қоп кўринишидаги қўпол матодан тикилган қоп бўлиб, буни бошига кул сочишдан аввал кийиб олишар ва бошларига кул сочишар эди. Чиройли кийимлар ўрнига дағал матодан тикилган қопсимон кийим кийишар ва ювиниб тараниш ўрнига бошларидан кул сочишар эди. Бу яна тавба қилиш рамзи эди. Гуноҳкор одамлар гуноҳларини чин дилдан ҳис қилиб, тан олиб тавба қилганларида ҳам Худо олдида қайғу чекиб жулга ўраниб бошларидан кул сочишган. Кейинги одатлардан бири ўпишиб кўришишдир. Кўп халқларда жумладан, Исроил халқида ҳам кўришганда икки яноғидан ўпиб кўришиш одат бўлган. Айниқса, бу одат мезбон томонидан меҳмонларни кутиб олганда бажарилган. Муқаддас Каломда “муқаддас ўпич билан саломлашинглар” деган жумлаларни кўп ўқиганмиз. Бу ҳозирги замондаги қўл сиқишиб кўришишга ўхшайди. Ўша пайтда бу ўпич — бошқа бир одамни ҳурмат қилиши, севиши ва меҳр-муҳаббатини намоён қилишнинг ва ўз уйида кутиб олаётганидан хурсанд эканлигини рамзи эди.