Ассалому алайкум. Ҳар бир аёл йиллар унинг гўзаллигига раҳна солмаслигини истайди. Аммо нима ҳам қила олардик, баъзида йиллар юзимизга ўз таъсирини кўрсатади. Ёши ўтган аёллар эса ёшлигидаги суратига қараб, «Ëшлигимда қандай гўзал эдим-а!», — дея хўрсиниб қўйишади.
Баъзилар, агар турли ёш белгилари юзингизга таъсирини ўтказмасдан туриб, бунинг олдини олинса, гўзалликни узоқ вақт сақлаб қолиш мумкин, деб ишонишади. Бироқ йиллар ва кексалик ўз ҳукмини ўтказмай қолмайди. Ҳар бир организмда кексалик белгилари билина бошлайди. Афсуски, бу кўплар ўйлагандай 40 ёшдан кейин эмас, анча эрта бошланади. Аммо косметик воситалар, прогрессив технологиялар ёрдамида қайси ёшда бўлишингиздан қатъий назар, жуда ёш кўриниш имконига эгасиз. Кўпинча гўзаллик, ёш кўриниш аксариятимиз ўйлаганимиздай, қош-у, кўзимизга эмас, балки теримизга боғлиқ.
Ҳар бир ёшда теримизда маълум бир ўзгаришлар содир бўлади. Сиз бу борадаги маълумотлар билан таниш бўлишингиз лозим
Масалан 20 ёшда организм ўсишдан тўхтайди, тери бироз салқий бошлайди. Ташқи кўринишдан бу унчалик маълум эмас. 20 ёш ва ундан кейин тери намлигини сақловчи ювиниш воситаларидан фойдаланиш лозим.
30 ёш ва ундан кейин эса терининг таранглиги йўқолиб, илк ажинлар пайдо бўла бошлайди. Ювиниш воситаларининг юмшоқроғини танлашга тўғри келади. Кремларни терини жонлантирадиганларидан танлаш лозим.
40 ёш ва ундан кейин моддалар алмашинувининг яхши эмаслиги туфайли тери салқиб, қуруқшайди. Терини тозалаш учун сув билан ювиб ташланмайдиган, ёшартирувчи элементларга эга воситалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Косметолог ҳузурига бориш вақти ҳам келди.
50 ёш ва ундан кейин тери қуруқшаб, ингичкалашиб, чуқур ажинлар пайдо бўладиган давр. Юз тузилиши ҳам ўзининг шаклини ўзгартиради. Бундай ёшда терининг тикланишига ёрдам берадиган воситалардан фойдаланиш лозим.
Инсоннинг ташқи кўринишига нафақат унинг фиологик ёши, балки бошқа омиллар ҳам сабаб бўлиши илмий исботланган. Агар уларни ўз вақтида англаб, ундан ҳимоялансангиз, бу борада кўп муаммоларнинг олди олинади.
Биласизми, таомномада шакарнинг меъёридан ошиб кетиши ҳам ёшликнинг эрта йўқотилишига сабаб бўларкан. Таркибида крахмал мавжуд бўлган маҳсулотлар организмда қайта ишланиб, шакар ажратади. Шунинг учун меъёрида овқатланиб, кўпроқ витаминли сабзавотларга эътибор қаратинг.
Организмда етарли даражада сув бўлмаслиги ҳам терингизнинг қуруқшаб қолишига сабаб бўлади. Шунинг учун кун давомида кўпроқ суюқлик ичишга интилинг.
Нега «Спорт бу — ёшлик», деган шиор келиб чиққанини биласизми? Киши қанча кўп ҳаракат қилса, танаси шунча ёшаради. Ëши ўтган сари спортга, умуман ҳаракат қилишга эътиборсиз бўлиб қолганлар тезроқ қаришини унутманг. Ундан ташқари етарлича дам олиш ҳам гўзаллигимизнинг гарови ҳисобланади. Етарлича дам олмаслик ташқи кўринишимизга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун вақтида дам олиб, вақтида ишлашни ўрганинг.