Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Инсон ҳаётида оиласи ва яқинларидан ташқари муҳим бўлган яна бир инсон бор-ки, уни биз дўст деб атаймиз. Атрофимизда дўстларнинг бўлгани яхши, аммо бу дўстлар донолик билан танланган бўлса, ундан ҳам яхши. Исо Масиҳнинг дўстлари жуда ажойиб одамлар эди. Ҳаворийлар ҳақида гапирмоқчисиз-да, дейсизми? Шубҳасиз ҳаворийлар ҳам Исо Масиҳнинг яқин кишилари ва дўстлари бўлишган, аммо бугун, унинг яна бошқа уч дўсти бўлгани ҳақида билиб оласиз. Булар Марта, Марям ва Лазар. Бу уччаласи оила бўлиб, Исо Масиҳ ҳар сафар Қуддусга келганида, Унга ва шогирдларига уйларидан жой бериб, уларни меҳмон қилишган. Олимларнинг айтишича, уларнинг ёши ё Исо Масиҳники билан тенг бўлган, ёки Ундан салгина ёшроқ бўлишган. Исо Масиҳ хочга михланишидан бир ҳафта олдин ҳам улар Исо Масиҳни ва унинг шогирдларини меҳмон қилишди.
Narrator 2 Албатта, Масиҳнинг ҳаётида қандайдир кўнгилсизлик бўлишини билган ва Исо Масиҳни у ерга бормасликка кўндирган ҳам бўлиши мумкин, аммо бутун инсониятнинг нажоти Масиҳнинг шу қурбонлигига боғлиқ бўлганини улар билмаган. Марта меҳмондўст, ҳаракатчан, меҳмонларнинг кўнглини ола биладиган, пазанда аёл бўлгани аниқ. Марям эса, иш қилишдан кўра, Исо Масиҳни тинглашни, Унинг сўзлари устида мулоҳаза қилишни ёқтирарди. Лазарнинг Исони дўсти бўлгани, унинг ўлиб тирилганидан ташқари бошқа кўп нарса билмаймиз. Исо Масиҳ бу дўстларини жуда яхши кўрганини Каломдан билиб олишимиз мумкин. Лазар ўлгани ҳақидаги ҳикояда, “Масиҳнинг кўзлари ёшланди”, деган оят ҳам бор. У бу инсонлар билан қандай танишганини билмаймиз, аммо улар садоқатли ва меҳрибон дўстлар эди. Сиз дўстларингизни қандай танлайсиз? Дўст топиш учун ибодат қилганмисиз?
Narrator 1 Агар қилмаган бўлсангиз, ҳали ҳам кеч эмас, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётида яхши дўстлар бўлиши учун ибодат қилинг. Агар дўстларни тўғри танлай билмасак, улар орқали ҳаётимизга кўнгилсизликлар келиши табиий. Бироқ яхши дўстлар эса бизни ҳар қачон қўллаб-қувватлайди, керак пайтида далда бериб, руҳлантиради. Нотўғри ишлардан қайтаради, донолик билан маслаҳат беради. Дўстлар билан бирга чинаккам масиҳийча ҳаёт кечириш осон бўлади. Марта, Марям ва Лазар ҳар сафар Масиҳни кутиб олиш учун ҳозирлик кўрганларидек, биз ҳам Масиҳ юрагимиз тўрида қулай яшаши учун жой ҳозирлашимиз, улар ҳизмат қилганидек, биз ҳам Масиҳга итоат билан хизмат қилишимиз ва Масиҳнинг хизматида иштирок этишимиз керак. Мартанинг мисолида Исо Масиҳга хизмат қилишни кўрган бўлсак, Марямнинг мисолида унга сажда қилишни кўришимиз мумкин.
Narrator 2 Сажда қилишнинг ҳам қиймати бор. Филлипликларга 3 бобда шундай оятлар бор: “Аммо мен учун фойда бўлган буларнинг ҳаммасини энди Масиҳ туфайли зарар, деб ҳисоблайман. Ҳа, ҳамма нарса қадрсиздир, чунки Раббим Исо Масиҳни таниб–билишдан афзалроқ ҳеч нарса йўқ, деб ҳисоблайман.” Энди аввалги сиз учун фойда деб билган нарсаларингиз йўққа чиқди. Уларни ҳаётингиздан чиқариб ташладингиз. Сажда қилишда ўрнимизни билишимиз керак. Ёқуб 4 бобда ҳаворий бизга шундай деб маслаҳат беради, “Эгамиз олдида ўзингизни паст тутинглар, шунда У сизларни юксалтиради.” Албатта, Масиҳга сажда қилган одам ўзини паст тутиши керак, аммо фақат бугина эмас. Эсингиздами, Марям Исо Масиҳнинг бошига қимматбаҳо хушбўй мой суртган эди. Шунда бутун уйни хушбўй ҳид тутиб кетган эди. Марям Масиҳга сажда қилганида хонадан хушбўй ҳид таралган эди. Шу каби бизнинг саждамиздан ҳам хушбўй ҳид таралиши керак. Саждангизнинг ёқимли ҳида атрофдаги одамларни ўзига жалб қилсин.